Жамият | 16:56 / 17.01.2017
5690
2 дақиқада ўқилади

Норвегия пойтахтида дизелли машиналар вақтинчалик тақиқланди

Осло шаҳри марказига дизелли автомобилларнинг кириши тақиқланди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда. Маълумотларга кўра, чеклов ёмонлашиб бораётган экологик ҳолат туфайли камида икки кун давом этади. Бу Норвегия пойтахтида биринчи марта амалга оширилмоқда.

Осло марказига “оғир” ёқилғига эга бўлган автомобиллар ичидан фақатгина жамоат ва махсус транспорт, шунингдек замонавий двигателларга эга юк машиналари кириши мумкин. Қоидабузарлар 165 евролик жаримага тортилади. Чеклов соат 6.00 дан 22.00 гача амал қилади.

Ҳукумат бундай қарор пойтахтдаги ҳаво ифлосланиш даражасининг юқорилиги, бу эса нафас олиш йўллари билан боғлиқ хасталиклардан азият чекувчи фуқароларга ноқулайлик туғдириши сабабли қабул қилинганини маълум қилган. Тақиқлов икки кундан сўнг – экологик ҳолат яна бир бора ўрганиб чиқилгач, қайта кўриб чиқилиши мумкин. 

Норвегияликларнинг аксарияти бундай қарорни қўллаб-қувватлади ва дизелли автомобиллардан бутунлай воз кечишга чақиришди. Одатда, дизель моторлари атмосферага камроқ карбонат ангидрид чиқаради, бироқ юқори даражадаги азот диоксидини ҳам чиқариб ташлайди.

2016 йил охирида Испания пойтахти Мадрид шаҳрида ҳам автомобилларнинг ярмига шаҳар марказига кириш тақиқланганди. Шаҳар ҳукумати ҳаракатни тоқ ва жуфт сонли автомобиль рақамларига кўра чеклашган. Чеклов ҳаво ифлосланишининг юқори даражаси сабаб жорий қилинган.

Мавзуга оид