Мен, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 2016 йил 9 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК)да айрим муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ўз мулоҳазаларим ва таклифларимни билдириб, мурожаат қилган эдим. Лекин ОАК раиси А.Юсупов, ЎзМУ қошидаги Илмий кенгаш раиси Б.Тўйчиев ва К.Тўхтабеков иштирокидаги (бу гуруҳ, мажозий маънода, менга қатағон йилларидаги инсонлар тақдирини ҳал қилган «учликни» эслатди) ОАК ишчи груҳининг 17 ноябрь куни ўтказилган суҳбатидан ҳам, 22 ноябрь куни берилган жавоб хатидан ҳам, мутлақо қаноатланмаганлигим сабабли ушбу масала бўйича кенг жамоатчилик фикрига мурожаат этмоқчиман.

1. Менинг мурожаатимда «диссертация мавзусини танлаш, унинг таҳрири ва эълон қилиш масъулиятини Ихтисослашган кенгашга ёки унинг қошидаги Илмий семинар тасарруфига бериш мақсадга мувофиқ», деган таклифим ОАК раёсатининг эътибордан четда қолди.

Мен «ОАК экспертлари таркибида фалсафа соҳаси бўйича мутасадди аъзонинг (фалсафа фанининг муайян соҳасида йирик олим, мутахассис бўлса ҳам), унинг ўз мутахассислигидан бошқа йўналишлар бўйича диссертация мавзусини танлашга доир шахсий фикри ягона, мутлақ ҳақиқатликка давогарлик қила олмайди», деган фикримда қатъий қоламан. Буни кейинги йилларда «ОАК томонидан таҳрир қилиб, ахборотномаси»да эълон қилинган «хашаки мавзулар» рўйхати ҳам кўрсатиб турибди.

2. Мен мурожаатимда тадқиқотчининг илмий ишларини эълон қилиш мезонлари ҳақида: «Диссертантлар илмий ишларини турли нашрларда эълон қилишига доир ОАК талаблари ҳам, рўйхатига киритилган журналларнинг илмий салоҳиятини ва сонини аниқлаш мезонлари ҳам, назаримизда рационалликдан йироқ», деган фикрни билдирганман.

Ҳақиқатда ҳам, республикамизнинг барча университетлари илмий журналларига – ахборотномаларига эга. Лекин, уларнинг фақат 3-4 таси ОАК рўйхатга киритилган. Буни журналлари рўйхатга киритилмаган олий ўқув юртларини назар-писанд қилмасликка, камситишга ишора, деб тушуниш мумкин, деган мулоҳазаларимга, уларнинг салоҳияти пастлигини сабаб қилиб кўрсатишди