Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзА сайтида жойлаштирилган. Унга кўра университетга ал-Хоразмий номи берилган. 

Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларнинг илмий йўналишларида кўплаб қомусий асарлар яратган. Алгебра фанига асос солиб, фундаментал маълумотлар, трактатларни илмий баён этиш қоидаларини ишлаб чиққан. Буюк ватандошимизнинг илмий изланишлари, илмий-тадқиқот назариялари ва илмий хулосалари бутун жаҳон илму маърифат аҳли томонидан эътироф этилиб, дунё илм-фанининг бебаҳо мероси сифатида юксак қадрланиб келинади.

Бугунги кунда Тошкент ахборот технологиялари университети замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетнинг Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Университет ва унинг филиалларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқа технологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Ёш авлодни улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросининг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Қарорда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари билан таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқасини таъминлаш, анъанавий тарзда республика ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, юртимиздаги етакчи илм-фан намояндалари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ташкил этишга эътибор қаратиш, шунингдек, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш, математик моделлаштириш, алгоритмлаш, криптология, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини тайёрлаш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.