Фан-техника | 18:55 / 23.03.2017
13235
2 дақиқада ўқилади

Матн киритишнинг янги усули ўйлаб топилди

Яқинлар ва танишларимизнинг хабарларига жавоб ёзиш, ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни изоҳлаш, қидирув хизматидан фойдаланиш ва кўплаб бошқа матнларни териш  учун ҳар куни қанча вақт йўқотишимизни ҳисоблаш қийин. Матн киритишнинг асосий усуллари у қадар кўп эмас, лекин уларнинг барчаси гаджет фойдаланувчилари орасида кенг қўлланилади. Шотландиялик олимлар матн теришнинг яна бир усулини ўйлаб топишди, бу сизларга бироз ноодатий туюлиши мумкин. Hi-News'да шу ҳақида маълумот берилди. 

Шотландиянинг Сэнт-Эндрюс университети ходимлари ўз ихтироларини SWiM (Shape Writing in Motion) деб аташди. Сизда катта фаблет ёки планшет бўлса, унда бир қўлда, баъзан эса икки қўлда ҳам матн териш у қадар қулай эмаслигини яхши билсангиз керак. Ишлаб чиқарувчилар бу муаммони ҳал қилишга кўп бор уринишди: клавиатура икки қисмга (ҳар бир қўлга алоҳида) ажратилди, унинг ҳажми кичрайтирилди ва ҳоказо. Бироқ шу кунгача энг қулай, асосийси - универсал қарорнинг ўзи йўқ.

Шотландияликлар гигант гаджетлар ҳамда митти қурилмаларда матн теришнинг ноодатий усулини таклиф қилишди. Бундан буён қурилмадаги бошқа тугмани босиб юборишдан чўчимаса ҳам бўлади. Фойдаланувчи курсорни виртуал клавиатурадаги ҳарфлар бўйича ҳаракатлантирса бўлгани. Ҳаттоки тажрибасиз кишилар ҳам бир ярим соатда дақиқасига 32 сўз теришган ва матн териш тезлигини оширишда давом этишган. 

SWiM ақлли соатлар, шунингдек катта экранли фаблетлар каби гаджетларга жуда мос тушади. Ишлаб чиқарувчилар зарурат туғилган тақдирда тизимни виртуал реалликка ҳам мослаштириш мумкинлигига ишонч билдиришмоқда. 

Мавзуга оид