Жаҳон | 15:33 / 25.03.2017
6257
2 дақиқада ўқилади

Трамп грекларни яхши кўришини айтди

Дональд Трамп Оқ уйда Греция миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда чиқиш қилар экан “Мен грекларни яхши кўраман” дея айтиб ўтди. Бу ҳақда Греция ОАВ хабар берди, улар Трамп чиқиши тасвирланган видеоёзувни тақдим этишган.

"Мен грекларни яхши кўраман, жуда ҳам яхши кўраман. Мен Нью-Йоркдан эканлигим эсингиздан чиқмасин. У ерда жуда кўплаб грекларни учратиш мумкин. Улар деярли ҳамма жойда!" – деди Трамп.

Трамп асли келиб чиқиши грециялик бўлган Оқ уй аппарати раҳбари Райнс Прибусни алоҳида таъкидлаб ўтган ҳамда у мамлакатдаги “энг ажойиб греклардан бири” эканини маълум қилган. Президент асли келиб чиқиши грециялик бўлган бошқа ходимларни ҳам мақтаб ўтди.

"Греция Мустақиллик кунида грециялик фуқаролар эркинликлари қарор топганини байрам қилишмоқда", - деди Трамп.

Унинг таъкидлашича, Оқ уйда Греция мустақиллик куни 30 йилдан бери нишонланиб келинади, бу анъанага Рональд Рейган асос солган. Оқ уйдаги байрам тадбирида грек мусиқаси ва миллий рақслари ижро этилди.

Тадбир 24 март куни кечқурун ўтказилди. АҚШда Грециядан Мустақиллик кунида вакил сифатида миллий мудофаа вазири Панос Камменос қатнашди, у Қўшма Штатлар мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокаралар ҳам ўтказди.

Мавзуга оид