2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун саралаш босқичи қизғин паллага кирди.
Осиё минтақасида баҳсларда иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси 3-саралаш босқичида ўз уйида ўтказадиган 5та учрашувининг 4тасини ўтказиб бўлди ва уларнинг 3тасида ғалаба қозонди. Сўнгги учрашувда Қатар қийинчилик билан бўлсада мағлуб этилди. Доҳада сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган ғалаба билан қўшиб ҳисоблаганда Самвел Бабаян шогирдлари жами 4та учрашувда ғалаба қозонди. Учта учрашувда имконият бой берилди.
Эрон терма жамоаси бу турда Хитойдан устун келган бўлса, Жанубий Корея Сурияни қийинчилик билан мағлубиятга учратди. Умуман олганда мезбон уч жамоа ҳам ўз ўйинларини 1:0 ҳисобидаги ғалабалар билан якунлади.
Жанубий Корея - Сурия 1:0
Эрон - Хитой 1:0
Ўзбекистон - Қатар 1:0
7 турдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 12 очко бор ва ҳозирча вакилларимиз ўз гуруҳида Эрондан 5, Жанубий Кореядан 1 очко ортда қолган ҳолда 3-ўринда бормоқда. Кўринишидан терма жамоада имкониятлар жуда яхши бўлиб қолмоқда. Аммо тақвимга эътибор қаратадиган бўлсак, бу жуда мураккаб эканини кўришимиз мумкин.
8-тур, 12-13 июнь
Эрон - Ўзбекистон
Қатар - Жанубий Корея
Сурия - Хитой
8-тур ёзнинг иккинчи ҳафтасида ўтказилади. Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда имкониятни бой берган Эрон меҳмони бўлади. Эрон терма жамоаси учрашувда ғалаба қозонган тақдирда муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасини нақд қилиб улгуради. Бунга йўл қўймаслик учун эса Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозониши керак бўлади. Иккинчи ўрин учун курашдаги асосий рақибимиз Корея эса бу сафар Қатарга ташриф буюради. Қатарликлар амалда ЖЧ йўлланмасидан маҳрум бўлиб улгурганини ҳисобга олсак, бу учрашувда жамоадан тайинли натижа кутиш қийин. Фаворит мақомини ҳисобга олган ҳолда Жанубий Корея учрашувда ғалаба қозонади деб ҳисобласак, жамоа ҳисобидаги очколар сони 16тага етади. Агар Ўзбекистон Эронда мўъжиза кўрсата олса, очколарини 15тага етказиб олиши мумкин бўлади. Акс ҳолда Эронга қўшилиб, кореяликлар ҳам амалда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиб бўлишлари мумкин. Агар Эронда дуранг қайд этилган тақдирда ҳам Ўзбекистон яхши имкониятни сақлаб қолиши мумкин. Эронга етиб олиш имконияти қолмасада, Жанубий Кореяни кўп ҳам ўзимиздан узоқлаштириб юбормасликка муваффақ бўлишимиз мумкин.
















