Ўтган ҳафта ўзбек футболидаги энг таниқли шахслардан бири Самвел Бабаян Тошкентнинг «Локомотив» жамоасида иш бошлади. У клуб президенти Мансур Ражабовга маслаҳатчи этиб тайинланди. Бир йил аввал ЎФА томонидан футболдан четлаштирилган мутахассиснинг қайтиши қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Маълум бўлишича, унинг дисквалификацияси 2018 йилнинг 15 январидан 1 февралига қадар давом этган.

Kun.uz мазкур тайинлов, шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги биринчи рақамли футбол жамоаси фаолиятига доир бошқа саволларга жавоб олиш учун «Локомотив» бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов билан суҳбат уюштирди.

 Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

– «Локомотив» кескин танқидлар остидаги Самвел Бабаян билан ҳамкорлик бошлашга қарор қилганини қандай изоҳлайсиз?

– Саволингиз жуда ўринли. Буни ҳозир трендга чиққан мавзу, десак ҳам бўлади. Биз мухлисларни ҳам тўғри тушуниб турибмиз. Биз Бабаянни Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи бўлгани ёки аввал ишлаган жойлари сабаб чақирганимиз йўқ. Биз уни мутахассис сифатида чақирдик. Бундан мақсад – ҳозир клубимиз қошидаги мактабда 500га яқин ёш болалар футбол билан шуғулланишяпти. Футболга алоқадор бўлган инсонларнинг хабари бор, охирги йилларда «Пахтакор» академиясида қилинаётган ишларда айнан Самвел Бабаяннинг ҳиссаси жуда катта. Шу мақсадда асосан шу болалар мактабидаги инфратузилмани янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Бабаян хизматидан фойдаланишга қарор қилдик.

Клубга таклиф қилганимиздан кейин интернетда шов-шув кўтарилиб кетди. Мен мухлисларни ҳам тушуниб турибман, лекин Бабаяннинг ўтмишига клуб жавоб бермайди. Яна бир марта қайтараман, биз Самвел Бабаянни мураббий қилиб олиб келганимиз йўқ. Сабаби у катта жамоага аралашмайди. Ўзига ишларни белгилаб бердик. Асосан, мактабимиз инфратузилмасини катта чўққиларга, кейинги босқичга олиб чиқиш билан шуғулланади. Мақсад шу.