2017 йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг қўмитанинг 2016 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари, табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмиталарининг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини бажаришга, қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат назоратини кучайтиришга, мамлакатдаги экологик ҳолатни соғломлаштиришга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 1 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги қарорини таъминлашга доир тадбирларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш мақсадида алоқадор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда 6 та қонун лойиҳасининг янги таҳрири, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарори тайёрлангани ва шундан 8 таси қабул қилингани қайд этилди. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ объектга даъво хати киритилди, 4,13 млрд. сўм ундирилди. 2015 йил билан таққослаганда давлат бюджетига ўтказиладиган пул маблағларининг ҳажми 22 фоизга кўпайиб, 12,7 млрд. сўмни ташкил этди.

2016 йилда ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари хизматлар, экологик хавфли чиқиндиларни ва маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун 3 860 дан ортиқ экологик сертификат берилди. 27 500 та лойиҳа давлат экологик экспертизасидан ўтказилди, 3 350 дан ортиқ экологик норма белгиланди. 2 960 дан ортиқ лойиҳа табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мос келмаганлиги туфайли такомилига етказиш учун қайтариб юборилди.

Давлат экологик экспертизасининг тавсияларига мувофиқ энергетика, нефтгаз, металлургия, кимё, қурилиш тармоқларининг, саноат, коммунал ва қишлоқ хўжалигининг 318 та хўжалик юритувчи субъектида энергия тежовчи, кам чиқинди чиқарадиган технологиялар жорий этилди.