Президент айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни «Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади.
Ҳужжат 17 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 28 март куни Сенат томонидан тасдиқланган эди.
Қонунда белгиланган барча ўзгартиришлар 2017 йил 1 апрелидан кучга киради.
Сенат ахборот хизмати маълумотларига кўра, қонун суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг адолатга ишончини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун Жиноий, Жиноий-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноий-ижроий кодекслар, «Судлар тўғрисида»ги ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутади.
Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар жиноий жазо ҳибсга олиш кўринишида енгиллаштиришни назарда тутади. Шу билан бирга, жиноий жазолар тизимига анча енгил, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо – «мажбурий жамоат ишлари» киритилади.
Жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсларга нисбатан ҳибсга олиш, қўриқчилар назорати остида ҳамда уй қамоғида ушлаб туриш чоралари муддатлари 72 соатдан 48 соатга, дастлабки тергов 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилган.
Бундан ташқари, ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра почта ва телеграф жўнатмаларини қўлга олиш ҳамда жасадни суд-медицина экспертизаси учун кавлаб олиш бўйича санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилади. Шу тариқа, «Хабеас корпус» институтининг бундай жараёнлардаги ўрни кенгайтирилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари 3 йилдан 1 йилгача қисқартирилган.
Мавзуга оид
14:55 / 22.11.2024
Рақамли далиллар билан ишлаш тизими такомиллаштирилади
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024