Жаҳон | 18:18 / 07.04.2017
13142
4 дақиқада ўқилади

Трамп Сурия муаммосини ҳал этишда ҳарбий маслаҳатчиларига ишониб қолган

Фото: Reuters

Сурияда кимёвий қурол ҳужумидан ўнлаб болалар ҳалок бўлгач, АҚШ президенти Дональд Трампнинг разведкадаги маслаҳатчилари ҳодиса ортида Башар Асад турганини исботловчи далиллар топишнинг уддасидан чиқишган. 

Вазифасига киришганидан бери илк маротаба ташқи сиёсатдаги инқирозга дуч келган Американинг 45-президенти, давлат бошқаруви йўналишини белгилаб берган сиёсатчиларга эмас, темирни қизиғида босишни тавсия қилган тажрибали ҳарбий экспертларга қулоқ солишга қарор қилди. Бу ҳақда жараёндан воқиф мулозимлар маълум қилишган. 

Сурияда ИШИДга қарши курашишни асосий вазифа деб билган Трамп Асдни жазолаш учун зудлик билан рўйхатни тузишга кўрсатма берган. Охирги икки кун ичида бир неча маротаба ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувларда иштирок этган юқори лавозимли мулозимлар шуни таъкидлашмоқда. 

Пайшанба куни (шарқий ярим шарда жума куни) Трамп Дамашқ шимолидаги Шайрот ҳарбий базасига қанотли ракеталардан зарбалар беришга буйруқ берган. Пентагонга кўра, бу авиабазада кимёвий қурол сақланган. 

"Ўйлайманки, президент Трамп ҳукуматлар ва сиёсатчилар ҳаддан ошганларида амалий ҳаракат қилиш ниятида эканини кўрсатади...Шу нарса аниқки, президент Трамп буни дунёга етказди",- деган АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон.

Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли мулозимларига кўра, улар Трамп билан 4 апрель куни кечқурун учрашган ва унга президент бўлишидан аввалроқ тузилган ҳаракатлар йўналишлари: санкциялар, дипломатик босим ўтказиш ва Сурияга зарбалар бериш бўйича режаларни тақдим этишган. 

5 апрель куни эрталаб ҳарбий маслаҳатчилар, Суриянинг қайси базасидан кимёвий қуролни қўллашда фойдаланилганини билишларини маълум қилишган. Америка ҳарбий мутахассислар ҳужумни амалга оширган Су-22 самолётини кузатишганини таъкидлашган. 

Шундан сўнг, Трамп маслаҳатчиларидан ҳарбий режаларни тузишга диққат қаратишни сўраган. 

Ўша куни кундузи (5 апрель) президент Оқ уйнинг Атиргуллар боғида чиқиш қилиб, "чиройли митти болалар" ўлимига сабаб бўлган "ваҳшиёна ҳужум" унинг Асадга нисбатан муносабатини кескин ўзгартириб юборган. 

Трамп, бу Суриядаги сиёсат ўзгарганини англатадими, деган саволга "кўрасиз", дея жавоб берди.

Пайшанба куни (6 апрель) кечга яқин АҚШ Бош штаби вакиллари Пентагонда учрашиб, ҳарбий зарбалар бериш режасини ишлаб чиқишни тамомлашган. Бу вақтда Трамп Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан учрашиш учун Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳига йўл олаётган эди. 

Трамп ўша қароргоҳидаги бошқа бир учрашувида ракета зарбалари бериш режасини тасдиқлаб, ХХР раиси билан кечки овқатни тановул қилишга йўл олган. 

Американинг Ўрта ер денгизининг шарқий соҳилларида жойлашган "Росс" ва "Портер" эсминецлари 59та Tomohawk қанотли ракеталарини  учирган вақтда АҚШ ва Хитой раҳбарларининг кечки тановули якунланаётган бўлган. 

Ўтган 3 кун мобайнида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Герберт Макмастер, мудофаа вазири Жим Мэттис ва Бош штаб бошлиғи генерал Жозеф Данфорд Трампнинг асосий ҳарбий маслаҳатчилари бўлишган. 

АҚШнинг Сурия авиабазасига ракета зарбалари Башар Асаднинг асосий иттифоқчиси бўлган Россиянинг ғазабини чиқарди. Шу билан Трамп ИШИДга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилиш имкониятини йўққа чиқарди. 

 

Мавзуга оид