Ўзбекистон | 12:42 / 14.04.2017
95354
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Стокҳолмдаги террорчи Раҳмат Оқилов ҳақида расман маълумот берди

Фото: Aftonbladet

Расмий Тошкент Стокҳолмдаги терактни содир этган Раҳмат Оқилов ИШИД аъзоси бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов журналистлар билан учрашув вақтида маълумот берган.

«Хорижда бўлиш мобайнида у интернет тармоғи орқали халқаро ИШИД террористик гуруҳи эмиссарлари томонидан оғдириб олинган. Мавжуд маълумотларга кўра, ўз ватандошларини Сурияда ИШИД томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этишга фаол тарғиб қилиб келган. Кўп марта интернет-мессенжерлари орқали Ўзбекистондаги яқинларига террористик мазмундаги видеороликларни жўнатиб турган ва уларни Ўзбекистон ҳокимият, бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ходимларига қарши зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишлари учун оғдиришга ҳаракат қилган.

Оқиловга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127, 244 ва 244−1 моддаларида кўзда тутилган жиноятларни амалга оширганлик учун жиноий иш очилган.

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Стокҳолм шаҳридаги терактни содир этган Оқиловга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича жиноят иши очилган ва Швециянинг махсус хизматига тегишли чора кўриш учун юборилган», деган Комилов.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Раҳмат Оқилов Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида юк машинасини олиб қочиб одамлар устига ҳайдади. Ушбу ҳужум оқибатида 4 киши қурбон бўлиб, 15 киши жароҳат олди.

Кўп вақт ўтмасдан маҳаллий полиция ўзбекистонлик Раҳмат Оқиловни ушбу теракт ижрочиси сифатида гумон қилиб қўлга олди. Гумонланувчи ўз айбига иқрор бўлди. 

Самарқандда 1978 йилда туғилган Раҳмат Оқилов 2014 йили Швецияда доимий яшаш учун сўров берган, бироқ 2016 йилда унинг сўровига рад жавоби берилган ва у депортация қилиниши лозим эди. 2017 йил февралида у мамлакатдан чиқариб юбориш учун қидирувга берилган.

Раҳмат Оқилов февраль ойида Ўзбекистон томонидан қидирувга берилганди

Мавзуга оид