Туркманистон президенти 18-19 апрель кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширди. Икки давлат президентлари Н.Назарбоев ва Г.Бердимухаммедов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Катта ҳужжатлар тўплами имзоланди, улардан энг асосийси – Қозоғистон ва Туркманистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномадир. Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида қозоқ-туркман давлат чегарасининг демаркацияси тўғрисида анчадан бери кутилган Келишув имзоланди.

Ушбу ташриф, унинг натижаларини Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг сўнгги вақтларда фаоллашиши нуқтаи назаридан кўриш лозим.

Минтақада давлатлар ўртасидаги муносабатлар янги босқичига Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаоллашгани туртки берган кўринади.

2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон президентининг Туркманистон ва Қозоғистонга давлат ташрифлари минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришда муҳим босқич бўлди.

Ўзбекистон ва Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш, минтақада давлатлараро муносабатларнинг янги босқичида минтақавий ҳамкорлик бўйича уч локомотив-давлат шаклини келтириб чиқармоқда: Ўзбекистон-Туркманистон-Қозоғистон.
 
Ҳамкорликнинг бу босқичида энг муҳим нарса нима, қайси соҳаларда “инқилоб” бўлиши мумкин?

Замонавий босқичда минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги шаклларини ташкил этиш учун минтақа давлатлари (биринчи навбатда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг) транспорт-коммуникация салоҳиятлари интеграцияси ва уйғунлашуви асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу давлатлар транспорт соҳасини ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда ҳамда бу соҳага катта сармоялар киритилмоқда. Бироқ бугунги кунда миллий транспорт стратегияларининг интеграцияси ва қитъа аҳамиятига молик ягона Марказий-Осиё транспорт-транзит хабини ташкил этиш вазифаси турибди. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари учун уни Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё иқтисодий шериклигини таъминловчи трансқитъавий кўприкка айлантириш учун реал имкониятлар очилмоқда.
 
Барча давлатлар транспорт-транзит жиҳатидан бир-бирига боғлиқ эканини эътиборга олсак, бу ерда мамлакатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш учун ягона ёндашув талаб этилади. Нима учун буни интенсив шаклдаги кооперация алоқаларини йўлга қўйишда асос қилмаслик керак? Ҳа, бугунги кунда минтақа мамлакатлари маълум бир транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширмоқда ва улар рақобатчи бўлиши мумкин. Хусусан, Каспий денгизи қирғоғида Қозоғистон (Ақтоу ва Курук портлари) ва Туркманистонга (Туркманбоши портининг чуқур модернизацияси) олиб борувчи янги транспорт-логистика марказларини қуриш ва борларини модернизация қилиш. Туркманистондан Афғонистон ва Тожикистонга (Атамират-Имомназар-Акина), Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда темир йўлини қуриш. Бироқ бу уч давлат транспорт-коммуникация салоҳиятини мослашга тўсиқ бўлмаслиги лозим. Чунки умуман олганда, муқобилларни ташкил этган ҳолда янги транспорт йўлакларини шакллантириш, юк транзити каби транспорт харажатларини умумий равишда камайтиришга ишлайди.