Таҳририятга ўқитувчиларнинг бугунги кунда қандай даражага туширилганини баёни бўйича яна бир мактуб келиб тушди. Зоҳиджон исмли мухлис ўзининг киноялар билан тўлдирилган номасига «Келинглар, ёзги таътилни кузга кўчирайлик...» сарлавҳасини қўйган.
Ростдан ҳам ёзги таътилни кузга кўчириш керак. Таълим тизимимиз анча самарали натижа бера бошлайди...
Ҳай, ҳай, шошманг, оз-моз ўқиб, "Бу одам ақлдан озибди, ёзги иссиқда ўқиш аҳмоқлик", деманг. Мен ҳам таътилни кузга кўчириш истиқболлари тўғрисида фикр юритмоқчи эмасман.
Собиқ иттифоқ даврида аҳвол жуда ачинарли бўлган экан. Ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам дарсни бир чеккага суриб, пахта теришган экан…
Майли, сал узоқроқдан бошлаймиз. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларидан бирида қишлоқ мактабида ишлайдиган ўқитувчи танишимни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрагандай бўлдим. Тилим қурсин, "йўл бўлсин" дебман. Жавобидан тилимни тишлагудек бўлиб, ёқа ушладим.
- Қурт тергани кетаяпмиз.
Оббо, тиниб-тинчимаган одамлар, нималарни ўйлаб топишмайди а?
Худонинг балоси келса, қийин экан. Пахта кўсакларига ҳам қурт тушибди! Унга қарши жавлон уриб курашадиган аграномлар, туман лабораторияси ходимлари қандайдир тадбирлар билан банд бўлиб, "қоғоз тўлдириб", ўзлари ҳал қила олмаган ишларни ўқитувчилар ихтиёрига қолдиришибди. Муаммо осон ҳал этилган: ўқитувчилар далага бориб, енг шимариб қурт тушган кўсакларни теради! Ҳа-да! Бюджетимизнинг катта қисми ўшаларга кетмоқда. Таътилда дам олишни ким қўйибди у занғарларга!
Баҳорда эса бошқа бир ўқитувчи "мактабимиз учун 4 қути ипак қурти беришди, ўшани боқиш учун Аҳмад акага пул йиғиб бердик. Барака топгур, ўзи боқяпти. Ўтган йили далага чиқиб, тут барги излаб сарсон бўлгандик...", деганди.
Ўз опам эса "Пахта чопиққа чиқяпмиз, у томонларда аҳоли кам яшаркан, пахта чопгани ҳеч ким бормаяпти. Шунга бизни гуруҳларга бўлиб юборишмоқда. 5 кун ўша ерда қолиб, пахта чопдик", дея ҳасрат қилганди.
Бу ҳали ҳолваси. Хўжалик мудирининг ҳикоясини тинглай туриб, ичаётган чойимни юта олмай қолдим. Унинг айтишича, буғдой бўйича туман режаси тўлмабди. Ўқитувчилар пул йиғиб беришибди!
Яна бир воқеани кўринг: Қандай яхши! Тошкент-водий йўналишида янги поезд йўлга қўйилди. Биринчи рейсда давлат ва жамоат арбоблари илк фахрий йўловчилар сифатида поездга минишади. Юрт ривожланганида бу. Лекин, фахрий йўловчиларга туманни шу аҳволида кўрсатиб бўладими?! Тумандан буйруқ келади: Ҳамма ўқитувчилар темир йўл атрофини тозалашга!














