2017 йил 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.
Қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2017/2018 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 66 минг 316 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 18.194 нафари давлат грантида ва 48.122 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади. Агар ўтган йилги квоталар билан таққосласак, жорий йилги квоталар сони 8 минг 409 тага кўпайган.
Шунингдек, қарорда:
- магистрларни 5000 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича – 1556 ва тўлов-контракт асосида – 3444 нафар миқдорида;
- Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 та ва тўлов-контракт асосида 85 та;
- Навоий давлат кончилик институтининг махсус сиртқи бўлимида тўлов-контракт асосида 90 нафар;
-Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг махсус сиртқи бўлимида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган.
Xushnudbek.uz сайтида 2017 йилда қайси ОТМ қанча талаба қабул қилиши ҳақида батафсил маълумот келтирилган.
Қабул квотаси сони бўйича ОТМлар рейтинги қуйидаги кўринишда бўлди (бакалавр учун):
1. Тошкент ахборот технологиялари университети (филиаллари билан) — 2920 нафар;
2. Тошкент давлат техника университети (филиали билан) – 2805 нафар;
3. Тошкент давлат аграр университети (филиали билан) – 2730 нафар;
4. Қорақалпоқ давлат университети – 2200 нафар;
5. Самарқанд давлат университети – 2000 нафар;
5. Урганч давлат университети – 2000 нафар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу йилда 45 та ОТМнинг квоталари кўпайди. Ўтган йилгига қараганда квотаси энг кўп ошган ОТМлар рейтингида Тошкент давлат аграр университети 770 та ўрин билан мутлоқ етакчи бўлди. Иккинчи ўринни Фарғона политехника институти 550 та ўринга кўпайган ҳолда эгаллади. Наманган давлат университети эса жорий йилда нақ 500 та кўп талаба қабул қилади.















