Жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунлари Тошкентдаги “Ўзбекистон” универсал спорт мажмуасида Халқаро бокс ассоциацияси – AIBA мусобақалар тақвимига киритилган катталар ўртасида Осиё биринчилиги бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, ушбу мусобақа нафақат барча ўзбекистонликларнинг, балки дунё аҳлининг ҳам диққат-эътиборида бўлди. Бунга ўзига яраша сабаблар бор эди, албатта. Чунки Рио-2016 Ўйинларида оламшумул жанг ўтказган ўзбек боксчилари ўз уйларида ўтаётган мусобақада қандай натижага эришиши барчани бирдек қизиқтирди ва айтиш мумкинки,бу қизиқишлар, ишонч ва ниятлар тўла ўзини оқлади. Ўзбекистон терма жамоаси 10та олтин медаль имкониятидан 9тасини қўлга киритиб, Осиёда янги рекорд қайд этди. 

Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) ҳал қилувчи жангни мўғулистонлик Ган Эрдене Ганхуянгга қарши ўтказди ва якунда ғолиб чиқди. Дўстматов Осиё чемпионатининг ўз вазн тоифасида иккинчи бор тенгсиз бўлди. У, шунингдек, турнирнинг энг яхши боксчиси сифатида тан олинди. Ҳасанбой ушбу бокс кечаси ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашаркан шундай деди:

Фото: @AIBA_Boxing

“Тўғрисини айтганда бу унутилмас дақиқалар бўлди. Аввало, Ўзбекистон байроғини юқори кўтариш, шунингдек, ишончни оқлаш каби масъулият мусобақа олдидан одамни ҳаяжонлантирар эди. Аммо рингга кўтарилгач, ич-ичимдан юртдошларим, бутун Ўзбекистон мени қўллаб-қувватлаётганини сезиб турдим ва бу далда кучимга-куч қўшди. Ўйлайманки, мен ватандошларим ишончини яна бир карра оқладим, юртим байроғини баланд кўтардим. Шу ўринда, ушбу мусобақа ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилик билдираман. “Спорт” телеканали ушбу бокс кечасининг ҳар бир жангини тўғридан тўғри эфирга узатиб турди ва бу билан Ўзбекистон бокс ихлосмандларига ажойиб жангларни тақдим этди. Мен ўзбекистонлик барча бокс мухлисларига бизни қўллаб-қувватлаганликлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман”.

Фото: Kun.uz