Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Пекинга уюштирган давлат ташрифи натижаси икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни сезиларли кучайтириш бўлди. Шу билан бирга, республика икки томонлама муносабатларда ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига қарамай, Хитойнинг «Ипак йўли» лойиҳасига фаолроқ қўшила бошлади. Тарих фанлари номзоди, эксперт Александр Шустов шу ҳақда фикр юритади. 
 
Пекин-2017

11-15 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Жинпинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Пекинда бўлди. Мирзиёев ташриф доирасида Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро форумнинг савдо-иқтисодий муҳокамаларида иштирок этди. Ш. Мирзиёев, шунингдек, ХХР раиси Си Жинпинг, Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси доимий қўмитаси раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан музокаралар ўтказди. 

Апрел ойи охирларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов мазкур ташриф натижасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга чиқариш режалаштирилаётганини билдирган эди. 

Савдо ва инвестициялар

Тошкент ва Пекинни ҳам икки томонлама муносабатларда биринчи галда иқтисодиёт ва савдо қизиқтиради. Хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги давомли беқарорлик туфайли қанчалик муҳим бўлмасин, ушбу давлатлар ўртасидаги алоқаларда иккинчи даражали ҳисобланади, чунки бу борада Марказий Осиёда Россия жиддий сиёсат юритади. 

Иқтисодиёт борасида Хитой Россияни сезиларли ортда қолдирган ҳолда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб улгурган. Рақамларга мурожаат қилинганда буни яққол кўриш мумкин. 2016 йилда Ўзбекистоннинг РФ билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, Хитой билан бу рақам 4,2 млрд доллардан иборат бўлди. Шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитаси йиғилишида ўзаро савдо ҳажмини 2020 йилга бориб 10 млрд долларга етказиш ҳақида сўз борган эди. 

Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар бирмунча мувозанатлидир. Бу эса собиқ СССРнинг хом ашё экспортига ихтисослашган республикалари учун ноёб ҳодисадир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, ўтган йили ХХРга экспорт 2 млрд долларни, бу давлатдан импорт 2,25 млрд долларни ташкил этган.

Республикада ХХР иштирокида 700дан ортиқ корхона фаолият юритса, шундан 88таси 100 фоиз Хитой сармояси асосида барпо этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 73та Хитой компанияларининг ваколатхоналари мавжуд.