Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19–20 май кунларида Туркманистонга амалий ташриф билан борди. Бу — давлатимиз раҳбарининг президентликка сайлангач, қўшни давлатга иккинчи ташрифи бўлди. Ёдингизда бўлса, Ш.Мирзиёев сайловдан сўнг илк хорижий ташрифини айнан Туркманистондан бошлаган эди.
Президентнинг март ойидаги илк ташрифида Ашхободда Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда қўшма баёнот имзоланган эди.
Президентлар гувоҳлигида 2018–2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темирйўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, маданий-гуманитар соҳада 2017–2019 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳамкорлик дастури ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017–2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган эди.
Хоразм ва Дошоғуз вилоятлари ҳамда Лебап ва Бухоро вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланган эди. Лебап вилояти маркази Туркманобод шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ўрнатилган ёдгорлик очилган, шаҳарнинг асосий кўчаларидан бири ҳам унинг номи билан аталган эди.
Дарҳақиқат, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсатда муштарак қарашларга эга, турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиш учун бири бирини тўлдирувчи, улкан салоҳиятга эга мамлакатлар ҳисобланади.
Президентнинг иккинчи ташрифида Г.Бердимуҳамедов билан учрашиш учун Балкан вилоятининг маъмурий маркази Туркманбоши шаҳрига етиб борди. Амалий ташриф давомида қатор муҳим келишувларга эришилди.
Музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида нефть-газ, энергетика, фан-таълим, экология, транспорт-логистика, туризм ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади
Туризм соҳасини оладиган бўлсак, Туркманистонда Каспий денгизи бўйидаги соғломлаштириш ва дам олиш масканларига ўзбекистонлик сайёҳларни жалб қилиш имконияти бор. Президент ташрифи олдидан Каспий денгизи соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёр эканини билдирган эди. Ана шу таклифга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола «Даянч» болалар соғломлаштириш марказида дам олмоқда.



















