Ўзбекистон меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига айлантирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Фармон ҳақида «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида маълум қилинган.

Ушбу ҳужжат бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда янгича жорий этиш, давлат ва хусусий тадбиркорлик ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашда самарадор чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.

Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий ва тармоқлар бандлик дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдамни ўз вақтида тўланиши мониторингини амалга ошириш ва бошқаларда иборат асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгиланди.

Қабул қилинган фармонда меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича аҳоли бандлигини рағбатлантиришга йўналтирилган чоралар кўзда тутилган. Хусусан:

  • 2018 йил 1 январдан бошлаб олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг биринчи маротаба ишга жойлашган битирувчиларининг биринчи йилда ишга жойлашганларининг иш ҳақидан олинадиган даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини 50 фоизга, уларнинг иккинчи ва учинчи йил давридаги меҳнат фаолияти бўйича 25 фоизга камайтириш;
  • 2018 йил 1 январдан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида, пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида, юридик шахс мақомига эга бўлган, асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолини йирик инвестиция лойиҳаларида, йўл ва уй-жой коммунал инфраструктурасининг қурилишида, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирокларини молиялаштиришдан иборат бюджетдан ташқари жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилиши муҳим янгилик ҳисобланади.