Луис Энрикедан бўшаб қолган «Барселона» бош мураббийи лавозимини Эрнесто Вальверде эгаллади. Мураббийни расман таништириш маросими 1 июнь куни бўлиб ўтади.

Вальверденинг клуб рулига келаётгани ҳақидаги хабар бир ҳафта муқаддам чиқиб бўлган, мутахассиснинг ўзи Бильбаонинг «Атлетик» клубини тарк этганди. «Барселона» Испания кубогида зафар қучиб, Луис Энрике клуб билан хайрлашгач, жамоа президенти Хосеп Мария Бартомеу махсус матбуот анжуманида Вальверденинг ташрифи ҳақида расман маълум қилди.

«Барселона» яна бир собиқ футболчисини мураббий қилди

«Барселона» энг кам муҳокама қилинган вариантни танлади. Мухлислар Сампаолининг келишига интиқ бўлишди, футболчилар Луис Энрикенинг ёрдамчиси – Хуан Карлос Унсуэ номзодини исташди, аммо учинчи ном танланди. У ўз клубида тинчгина ишлаб келмоқда эди. Лучонинг ўрнини қаттиққўл баск Эрнесто Вальверде эгаллади, ҳолбуки Испаниядан ташқарида уни деярли танишмайди. Аммо бу узоққа чўзилмаслиги аниқ.

Бундан ҳеч ким хафа бўлаётгани йўқ. Энрикенинг конспектлари яхши — аммо унинг ассистенти нима янгилик бера оларди? Сампаолининг ҳужумкор ўйинга фанатларча иштиёқи – аҳамиятли, аммо Энрике ҳам бир неча марта ҳужумдаги ранг-баранг схемалари билан ундан кам жойи йўқлигини кўрсатиб бермаганмиди? У қўллайдиган схемалар «Барса»нинг муаммоларини бартараф эта олармиди? Ҳа, Сампаоли келса, жамоа ўйинида ҳужумда янги вариантлар пайдо бўларди, бундан ортиқ яна нима? Жамоанинг муаммоси тўп билан ҳаракат вақтида эмас, тўпсиз ҳаракатланганда пайдо бўлади-ку.

Вальверде Круиффнинг шогирди

Вальверденинг «Атлетик»и момақалдироқ бўлиб прессинг қилади. Бу «Барса» учун жуда мос ўйин услуби. Луис Энрике даврида клуб тез-тез қоқиларди, баскларга қарши Суперкубок учрашувини эсланг. Рақиб «Севилья»га қарши ўйинда толиққан каталонияликларнинг оғриқли нуқталарига босим ўтказганди. Вальверде тўп олиб қўйилгач, каталонияликларнинг ҳимоядаги 3 футболчисига қарши баскларнинг 4 футболчиси чиқиб борадиган марказдан ҳужум услубини қўллаганди (2015-16 йилги мавсумда ўша ўйинларнинг биринчисида басклар 4:0 ҳисобида ғалаба қилган, иккинчи учрашувда 1:1 - таҳр). Якунланган мавсумда у каталонияликларга қарши навбатдаги ўйин олдидан шундай деганди: «Биз «Барселона»га қарши юқори даражадаги прессинг қўллаймиз, биз ҳамиша шундай қиламиз, ахир бу уларга қарши туришнинг энг тўғри йўли».

Прессинг бу мавсумдаги ўйинларда ҳам ўз самарасини берди, басклар прессинги каталонларни арвоҳ каби таъқиб этди, Серхио Бускетс учун бу қўрқинчли тушга айланди, рақиб аввалига унинг пасини тўсиб қўяди, кўп ўтмасдан унинг ортида пайдо бўлади. Таянч ярим ҳимоячиси, гоҳ олдинга чопади, гоҳ ортга, аммо босимдан қутулишнинг имкони бўлмайди...