Ўзбекистон | 09:47 / 03.06.2017
75154
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Андижонда йиғилиш ўтказди. Қандай масалалар кўрилди?

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, мақсадли дастурлар ва инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 июнь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.

Кун.uz мухбирининг хабар беришича, куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбари вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қатнашди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари видеоконференция тарзидаги йиғилишни кузатиб бордилар. 

Кенгайтирилган йиғилишда асосан қуйидаги масалалар кўрилган:

- Вилоятда жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш, профилактика инспекторлари учун хизмат уйлари қурилишини ўз вақтида бажариш, аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг тарғибот ишларини амалга ошириш;    

- аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт муассасалари талаб даражасида фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, тиббиёт ходимлари ўртасида порахўрлик ва тамагирлик иллатларини олдини олиш;

- вилоятда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли таҳдидлардан асраш, бунинг учун ҳудудда истиқомат қилувчи ДЭО вакилларига имом-хатиблар маҳалла фуқаролар йиғини, “Нуроний”, “Камолот” ЁИҲ вакилларини бириктириш ва улар фаолиятини назоратга олиш, ДЭО аъзоларини соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш, ёшларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш чораларини кўриш;

- аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга эришиш, ҳар бир хонадонда лимонарий ташкил қилиш, лимон, грек ёнғоғи каби кўчатлари экилиши, 100 бошдан товуқ парваришланишини йўлга қўйиш,  такрорий экинларнинг экилишини назоратга олиш;

Давлат раҳбари шунингдек, ҳар бир хонадонда эчки боқишни йўлга қўйилиши ҳамда такрорий экинлар масаласининг долзарблигига алоҳида тўхталиб ўтди.        

Анжуманда вилоятни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қабул қилинган мақсадли дастурлар ижросини сўзсиз таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, шу орқали янги иш ўринлари яратилиши, вилоят даромадлар базасининг кенгайиши ҳамда экспорт салоҳияти юксалиши юзасидан тизимли ишларни ташкил қилиш борасида тегишли тавсиялар берилди. 

Йиғилиш давомида туманларда иштирок этаётган вакилларнинг юқоридаги масалалар бўйича фикр ва тавсиялари тингланган. 

Мавзуга оид