Газетада коммунал соҳа фаолияти танқид қилинди. Сўнгги пайтларда аҳолидан тез-тез мурожаат тушаётган ҳолат эди. Ўша тизим раҳбари билан бир тадбирда учрашиб қолдик. Муомаласи совуққина.

— Шу мақолани беришдан аввал бир оғиз маслаҳатлашмабсиз-да, — деди оғринганини яширмай.

— Ака, мухбирлар соҳангиздаги камчиликларни ёритиб, аслида сизларга наф келтиришяпти. Баҳонада чекка-чекка ҳудудлардаги муаммолардан, ходимларингизнинг оёқ босишидан хабардор бўляпсиз, — дедим.

Бу гапим раҳбарга ёқмади:

— Ҳарқалай… газеталарингизга анча-мунча обуна бўлганмиз...

Қизиқ, раҳбар обуна бўлганини рўкач қилиб, бизнинг соҳадаги камчиликларга кўз юминг, демоқчими ёки еган оғиз уялар қабилида иш тутяптими? Бу иддаодан газета фақат обуна бўлмаганларнигина танқид қилиши мумкин, деган хулоса келиб чиқмайдими?

Одатда бирор фирма маҳсулоти реклама қилинаётганда «Хизматлар лицензияланган» деб кўрсатилади. Бу билан маҳсулотнинг сифатига кафолат беришади. Ахир бундай таърифни давлат ташкилотига қиёслаш кулгили эмасми? Ҳеч биримиз камчиликлардан холи эмаслигимизни қаршимдаги одам тушунмади.

Иккинчи ҳолат. Халқ таълими бошқармасининг матбуот анжумани ўтказиляпти. Бошқарма бошлиғи соҳадаги ютуқлар ва қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан тайёрланган маълумотини ўқиди. Шундан сўнг журналистлар савол берди. Раҳбар бу саволларга очиқ чеҳра билан жавоб қайтара бошлади. Саволларга айнан мутасадди ходимларнинг жавоби ҳам олинди.

Табиийки, савол ҳам ўринли, жавоб ҳам кўнгилдагидек бўлса, иккала томоннинг ҳам кайфияти кўтарилади. Бир-бирини ўзаро ҳурмат қила бошлайди. Аслида бундай ҳурматнинг бўлгани яхши.

Масаланинг иккинчи томони шундаки, ўша анжуманда оммавий ахборот воситалари ва тизим ходимларининг «юзи исиди». Бошқарма бошлиғи ҳам хурсанд ҳолда журналистлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ахборот алмашиш лозимлиги, тизим фаолиятини самарали ёритилиши тарафдори эканлигини билдирди. Ҳатто соҳа фаолиятини энг яхши ёритганлиги учун ОАВ ходимлари ўртасида танлов ўтказиш таклифини ўртага ташлади. Сир эмас, бу таклиф айрим журналистлар томонидан қўллаб-қувватланди ҳам.

Тўғри, рағбат баъзида одамга куч берар, аммо шу ўринда кишини мушоҳадага ундайдиган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Масалан, таълим тизимини энг яхши ёритган журналистлар рағбатлантирилди, дейлик. Табиийки, бу ташаббус тизимнинг ўзидан чиқяпти. Демак, ҳакамлар ҳайъати ҳам таълим соҳаси ходимларидан бўлади. Ўз-ўзидан соҳа ходимлари ижобий маънодаги материалларга хайрихоҳ. Бу дегани — журналистни танқидий руҳдаги мақолаларни ёзишдан, камчиликларни кўришдан чеклаб қўяди. Натижада, яна еган оғиз уялар, мақоли эсга олинади... Обуна бўлганлик тўғрисидаги иддаолар юзага чиқади.