Ўзбекистон | 17:31 / 19.06.2017
29105
2 дақиқада ўқилади

Шўрчи тумани ҳокими халқ билан ишлай олмагани учун ишдан олинди

16 июнь куни Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокими Хайбулла Маматқулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Facebook ижтимоий тармоғидаги Халқ билан мулоқот гуруҳида хабар берилган.

Истеъфонинг асосий сабаблари Хайбулла Маматқулов Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан эълон қилинган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”дан кўзланган мақсад ва вазифаларнинг туб моҳиятини етарлича тушуниб етмасдан, туман аҳолиси билан тизимли равишда самарали алоқа ўрнатмагани, фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларга эътиборсизлик билан қараб келгани ҳамда бу борада ҳокимлик тизимида ишларни лозим даражада ташкил эта олмагани бўлди.

Собиқ ҳоким аҳолини қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида уларни ҳал этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрсатиш масаласида жиддий камчиликларга йўл қўйган. Бу борада талабчанлик етишмаслиги, сусткашлик қилиб келгани учун туман фаоллари ва аҳоли орасида Маматқуловнинг фаолиятига нисбатан эътирозлар ортиб борган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан Маматқуловга юқорида кўрсатиб ўтилган жиддий камчиликлари учун бир неча бор интизомий чоралар кўрилганди. Лекин у бундан тегишли хулоса чиқармаган ва ҳудуд аҳолиси муаммоларини ҳал этиш юзасидан зарур амалий чоралар кўрмаган.

Хайбулла Маматқулов Шўрчи тумани ҳокими сифатида 2012 йил 6 февралдан буён ишлаб келаётган эди.

Мавзуга оид