Жаҳон | 08:25 / 20.06.2017
7446
2 дақиқада ўқилади

198 млн америкалик ҳақидаги маълумотлар деярли 2 ҳафта давомида очиқ фойдаланишда бўлган

UpGuard компаниясининг киберҳимоя бўйича ходимлари Дональд Трамп штаби 2016 йилги сайловолди кампаниясида ишлатган 198 млн америкалик ҳақидаги шахсий маълумотлар деярли икки ҳафта ҳимояланмаган булутли сервисда сақланганини аниқлашди.  

АҚШнинг 198 млн фуқароси ҳақидаги маълумотлар Amazon компаниясининг булутли сервисида сақланган. Бунда терабайтьдан кўпроқ маълумот ҳаттоки парол билан ҳимояланмаган бўлган. 

"АҚШнинг 61 фоиздан кўпроқ аҳолиси маълумотлар сизиб чиқишига учради", деб айтилди UpGuard хабарида. Компания таҳлилчиларининг дастлабки баҳоларига кўра, бу маълумотлар базасида тўпланган маълумот 5 америкаликдан 3 нафарига тааллуқли бўлиб, сайловчилар ҳақидаги маълумотлар базасидан тортиб Reddit форумигача бўлган турли манбалардан тўпланган.

Ҳимояланмаган маълумотлар базасини дастлаб компания таҳлилчиларидан бири Крис Виккери аниқлаган. Унинг айтишича, у буни 12 июнда аниқлаган ва нуқсон 2 кун ўтибгина, яъни 14 июнда бартараф этилган.

Исталган одам ҳавола топиб фойдалана олиши мумкин бўлган бу маълумотлар базасида сайловчиларнинг исми, туғилган санаси, телефон рақамлари ва уй манзиллари, сиёсий қарашлари каби турли маълумотлар сақланган.

Булутли сервисга Республикачилар партияси қўмитаси буюртмасига кўра америкалик фуқаролар ҳақидаги маълумотларни қайта ишловчи бир неча компания тўплаган маълумот юкланган. Бу компаниялар Deep Root Analytic, TargetPoint Consulting Inc. ва Data Trust бўлиб, уларнинг барчаси 2016 йилги сайловолди кампанияси вақтида сайловчилар ҳақида маълумотлар тўплаш ва қайта ишлаш билан шуғулланган ва Дональд Трамп штабига ишлаган. 

Deep Root Analytic асосчиси Алекс Ландри Gizmodo нашрига маълумотлар ҳақиқийлигини тасдиқлаган ва унинг компанияси бўлиб ўтган воқеа учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олишини айтган. Унинг айтишича, компаниянинг хавфсизлик баённомалари охирги марта 1 июнда янгиланган ва унинг ходимлари маълумотлар очиқ фойдаланишда бўлган 12 кун ичида бирорта бузиб кириш ҳолати юз берганини аниқлашмаган. 

Мавзуга оид