Бугун бизни изтиробга солаётган, жамиятимизга, ёшларимизнинг дунёқарашига том маънода заҳарли зарба бераётган иллатлар тобора илдиз отиб бормоқда. Уларнинг пайини қирқиш, жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида мутассадди идоралар томонидан аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари қайсидир маънода бесамар ўтмоқда. Сабаби шундаки, таассуф, орамизда айш-ишрат, кайф-сафо, ичкиликбозликка муккасидан кетган, инсон қиёфасидаги беномуслар, ориятсизлар учраб турибди. 

Пул, бойлик, мол-дунё илинжида ор-номуси, ғурури, шаън ва қадр-қимматини бозорга солиб, бу инсоний сифатларни шаҳвоний мақсадларда арзон чақага сотаётган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқини мутлақо унутган қўшмачилар сони ортиб бормоқда. Улар ўзларининг яшаш хонадонларини пинҳона учрашувлар ва кўнгилхушликлар учун қулай бўлган «ишқ маскани»га айлантирганлар. Ҳатто, ишқий муносабатлар авж олган гўшада улғаяётган фарзандларининг кўз олдида тассаввур этиб бўлмайдиган жирканч вазиятларни яратиб, арзимаган моддий манфаатни деб ёшгина болакай ёки қизалоқларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир этмоқдалар. 

Бундай дейишга асосимиз ҳам етарли. Бухоро вилояти ИИБ ходимларининг вилоят ҳудудида олиб борган тадбирлари давомида юқорида тилга олганимиз каби енгил-елпи ҳаётга ружуъ қўйган ўндан ортиқ «эр-хотинлар» айни хиёнат устида, фарзандлари, оилалари шаъни ва қадр-қимматини булғаган ҳолда зинога берилган вақтларида, уларга шароит яратиб бераётган қўшмачилар эса, ҳаромдан келган даромаддан чўнтагини қаппайтирган пайтнинг ўзида қўлга олинганлар. 

Бошқалардан сир сақлаган, пинҳона муҳаббатига сазовор бўлган бекаси билан қоровулхонада кўнгилхушлик қилишни жоиз деб билган Миршод Комилов кўнгил майлига қарши бормаганлардан. У ҳали бўйдоқ бўлишига қарамай, оилали хонимга ишқи тушиб қолди. Кўча-куйда кўрганида нималарнидир баҳона қилиб, бир-икки бор ҳамсуҳбат бўлганида сездики, Роҳат Манглиева ҳам гулдай фарзанди бўла туриб унга бефарқ эмас. Хуллас, Жондор шаҳридаги туман ДСЭНМ қоровулхонаси улар учун хилват гўшага айланди. Бунинг учун Файзулло Оқматов исмли қоровулга 10 000 сўм кифоя қилди. Аммо ўша оқшом бир-бирининг висолига ташна «ошиқ-маъшуқ»ни бирозгина безовта қилишга тўғри келди. Уят зўридан қўллари билан юзини беркитиб олган келинчакнинг аҳволидан фақат нафратланасан киши.

Жондор туманида қоровуллар қўшмачиликда ким ўзарга бир-бири билан баҳс бойлашган шекилли, Ниёз Ҳожи ҚФЙ ҳудудидаги “Али Ноз Плюс” МЧЖ қоровули Умед Давронов ушбу МЧЖнинг қоровулхонасини атиги 5 000 сўм эвазига “севишганлар”га бўшатиб берди. Ислом Султонов Когон шаҳрида Комила Файзиева билан танишиб у билан кўнгилхушлик қилиш учун Жондоргача бўлган масофани “висол илинжида” назар-писанд қилмади. Аммо уларнинг “висол кечаси”га ички ишлар идоралари ходимлари хотима ясадилар. Қоровул амаки эса арзимаган пул учун жавобгарликка тортилиб, ўзи ишлаб турган ишхонадан юзи шувут ҳолда ҳайдалди.