Жаҳон | 07:41 / 20.06.2017
5124
2 дақиқада ўқилади

Ўрта ер денгизида 120 дан кўпроқ муҳожир бедарак йўқолди

Фото: AFP 2017 / Aris Messinis

Ўрта ер денгизида кема фалокатга учраши оқибатида 120 дан кўпроқ киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда 19 июнда Халқаро миграция ташкилоти маълум қилди.  
 
"Палермода миграция ташкилоти ходимлари томонидан йиғилган маълумотлар ўтган дам олиш кунлари Ўрта ер денгизида кема фалокатга учраши 126 муҳожирнинг ҳалок бўлишига олиб келган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзламоқда", деб маълум қилди ташкилот вакили Флавио Ди Жакомо.

Сицилия ОАВ маълумотларига кўра, кема 16 июнга ўтар кечаси Ливия соҳиллари яқинида фалокатга учраган. У ҳақда халқаро ташкилотга қутқарилиб, Палермо портига етказилган икки суданлик маълум қилган. Суданликлардан ташқари, яна икки нигериялик ҳам омон қолган. Уларнинг айтишича, улар кетаётган дамланган қайиқ ортидан ливиялик муҳожир ташувчилар етиб олиб, қайиқнинг моторини олиб қўйганларидан кейин у чўкиб кетган. 

15 июндан 18 июнгача бўлган 4 кунлик давр ичида Ўрта ер денгизида 4,5 мингдан кўпроқ муҳожирга ёрдам кўрсатилган. 

Жорий йил бошидан Ўрта ер денгизидан Европага 77 мингдан кўпроқ муҳожир ва қочқинлар етиб келган. Денгизни кечиб ўтиш вақтида 1828 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид