Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода бўлишдан осон иш йўқ — бунинг учун сулоланинг тож кенгаши қўллови (дарвоқе, унда тахтдаги подшонинг фикри ҳисобга олинса ҳам, ҳал қилувчи ҳисобланмайди), диний доиралар фотиҳаси ва Вашингтоннинг розилигини олиш кифоя.

32 ёшли Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд бу уч манфаатли томоннинг қўллаб-қувватлашига эришди ва Ар-Риёдда энди ҳозирги қирол Салмон Ол Сауд ҳамда унинг учинчи хотинининг ўғли бўлмиш, анъанавий валиаҳдлардан ёш ва норғул, янги валиаҳд шаҳзода бор.

Фото: Reuters

Эсанкиратувчи ўрин алмашишлар

Қироллик тахтининг аввалги вориси, қиролнинг жияни, бир вақтнинг ўзида ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб турган Муҳаммад ибн Ноиф кутилмаганда бу унвондан маҳрум этилган ва ҳаттоки вазирлик лавозимидан ҳам олиб ташланган. Хуллас, у бир зумда беш дақиқаси кам қиролликдан «қариндошчилик»нинг номаълум даражасигача туширилган.

Қиролликнинг шу воқеа юзасидан чиқарилган декретида, кўпчилик кузатувчилар томонидан «бахмалли давлат тўнтариши», деб аталаётган эсанкиратувчи ўрин алмашишларнинг сабабини — «алоҳида вазиятлар» эканлиги айтиб ўтилган. Уларнинг моҳияти оммага ошкор этилмаган эса-да, сабаблар тож кенгашининг 34 аъзосидан 31 нафарини «кичик шаҳзода» ва қиролликда MBS деб аталадиган Муҳаммад ибн Салмонга овоз беришга ундай олган.

Жума куни Маккада ўтказилган махсус маросимда сулола аъзолари янги валиаҳдга садоқат борасида қасамёд қилишди, ҳозирча эса турли гап-сўзларга чек қўйиш мақсадида илгари «мураккаб иқтисодий шароитлар» важи билан бекор қилинган, ҳарбийлар ва давлат сектори ходимларига қўшимча иш ҳақи, бонуслар ва махсус тўловлар қайта тиклангани ҳақидаги фармон чиқариб қўйилди. Бир вақтнинг ўзида Ийд ал-Фитр ҳам одатдаги 10 кун ўрнига 17 кун байрам қилинадиган бўлди.

Бир йилгина муқаддам айнан MBS тахтдан ярим қадам наридаги позицияни эгаллайди, деб ўйлашнинг ўзи хаёлга сиғмас эди. Ҳа, отаси тахтга ўтирганидан сўнг ҳокимият чўққилари томон парвоз қилиб, бош вазирнинг иккинчи ўринбосари, жаҳондаги энг ёш мудофаа вазири бўлиб олган Муҳаммад ибн Салмон қисқа вақт ичида 30 ёшга тўлмаган ёшлар аҳоли сонининг 60 фоизни ташкил этувчи мамлакатда ёш авлоднинг севимли сиёсатчисига айланди-қолди.

MBSнинг иккинчи туби