Kun.uz таҳририяти фуқарорлардан келаётган ҳар бир мурожаатни ўрганишда, уларнинг ечимини излашда давом этади. Таҳририятнинг электрон почтасига Фарғона вилоятининг Фурқат туманида истиқомат қилувчи фуқародан мактуб келиб тушган. Унда шундай сўзлар битилган:

“Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев халқимизни, айниқса, ёшларимизни маънавий-маърифий, миллий салоҳиятини ошириш, бунинг учун уларнинг билим савиясини, китобга бўлган меҳрини юксалтириш, Республикамизни ҳамма жойларида кутубхоналар ташкил этиш, бунга халқимизни, айниқса, ёш авлодни жалб қилиш, уларни шу йўл билан нотўғри ва бизнинг маънавиятимизга, миллийлигимизга ёт ғоялардан асраш тўғрисида кўп гапираяптилар. Бу йўлда кўплаб ишларни амалга оширяптилар. Лекин бизнинг туманимиз марказида, шундоққина марказий шифохонанинг ёнгинасида фақатгина кинофильмларда кўрган ва юртимизнинг айрим жойларида борлигини эшитганимиз - оммавий маданиятнинг энг ёмон кўриниши бўлган тунги клуб очилди.

Ҳатто хорижий фильмларда ҳам ёмонлик, маънавиятсизлик ўчоғи деб кўрсатиладиган тунги клубни нима мақсадда ташкил қилинганини ташкилотчилардан сўрасак, бу ёшларни ёт оқимларга, экстремизмга қўшилиб кетишининг олдини олиш учун, деб жавоб беришди.

Эшитишимизга қараганда шифохона ҳудудида тунги клубнинг шовқини у ёқда турсин, машинанинг сигнали ҳам ҳалақит берар экан. Бундан ташқари, бундан мақсад бу ерга бошқа жойлардан “қиз-жувонлар”ни ижара асосида ёллаб, кейинчалик кўзларни кўниктириб, қизларимиз ҳамда сингиларимизни ҳам тунги клубга тортиш эмасми?

Бу ерни ташкил этишнинг асосий мақсади ёшларимизни ёт ғоялардан сақлаш бўлса, нима учун пуллик, нимага алкаголь ичимликлар истеъмолига рухсат этилган?

Кутубхоналарга кириш бепул-ку. Ахир террористик гуруҳларга қўшилиб кетганларнинг аксарияти ана шундай енгил ҳаётга, кайфу-сафога берилган, тунги клубларнинг ашаддий аъзоси бўлган ёшлар эканлиги кўп бора айтиляпти-ку! Ёки бу ерда бизнинг ақлимиз етмаган “яширин яхши фойдали” жиҳатлар ҳам борми?”.

Кун.uz фуқароларнинг ҳеч бир сўзини, мурожаатини беэътибор қолдирмайди. Манзилни ўрганиш чоғида шу нарсага гувоҳ бўлдик-ки, чиндан ҳам марказий шифохонанинг ёнгинасида бир неча ой аввал тунги клуб очилган. Бу ер шифохонада даволанаётган беморларга халақит бериб келган. Сабаби клубдаги мусиқа шовқинлари, маст одамларнинг жанжаллари беморларнинг тинчини йўқотган. Мана шу манзилда истиқомат қилувчи аҳолининг фикрига кўра, уларнинг фарзандлари ҳам шу клубга кириш, бу ердаги жараёнларни кўзлари билан кузатиш истагида бўлган. Бироқ ота-оналар бу борада ўз фарзандларига қаттиқ турганлар.