Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Қарор шарҳида қайд этилишича, ушбу ҳужжат «Ўзбекистон миллий давлатчилигининг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихини тадқиқ этиш ва ўқитиш, илмий, илмий-оммабоп, ўқув-методик, маърифий адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш, илм-фаннинг таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида илмий, маданий, таълим, жамоат муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, ёшларда, авваламбор умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчиларида, олий ўқув муассасалари талабаларида мамлакат тарихи ҳақидаги чуқур билимларни шакллантириш мақсадида» қабул қилинган.
Мазкур қарор билан Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:
- демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг «ўзбек модели» моҳияти ва мазмунини, жамиятда барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни сақлаш бўйича кенг кўламли ишларни, ҳозирги дунёда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини чуқур ўрганиш ва яққол очиб бериш;
- Ўзбекистоннинг энг янги тарихини замонавий назарий-методологик, фанлараро ёндашувларга, тарихийлик ва холислик тамойилларига асосланган ҳолда тизимли ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича долзарб муаммоларни ишлаб чиқиш, шунингдек, буюк тарихий-маданий меросга эга бўлган ва жаҳон цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, ақидапарастликка йўл қўймаслик ишларини мувофиқлаштириш;
- илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш ва чоп этиш ишларини мувофиқлаштириш, уларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихини умумжаҳон ва минтақавий жараёнлар билан, шунингдек, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шаклланган халқлар ва давлатлар цивилизациясининг тарихий-маданий мероси билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишни таъминлаш;
- Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича илмий, ўқув ва ўқув-методик адабиётлар, ўқув дастурлари мониторингини олиб бориш;
- соҳада илмий-тадқиқот, ўқув-методик ишларнинг сифатини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- фуқароларда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, халқнинг тарихий анъаналари, маданий меросига ҳурмат, Ўзбекистон мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали ошириб боришга кўмаклашиш;















