Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.

Президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланган.

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ масалалар бўйича давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва тегишлича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органлари ва жамоат ташкилотларида, маҳаллаларда намунали хизмат кўрсатаётган хотин-қизлар, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли ва ташаббускор аёллар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари қабул қилинади;

Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда оилаларни мустаҳкамлашга, шунингдек ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратади;