12:45 / 04.07.2017
30298

Иссиқкўлга Ўзбекистондан илк самолёт учиб борди

Бугун, 4 июль куни биринчи марта «Тошкент–Иссиқкўл–Тошкент» рейси амалга оширилди. Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Томчи аэропортига Ўзбекистондан биринчи рейс амалга оширилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК матбуот хизмати маълумот берган. 

Қайд этилишича, бу 10 йил ичида биринчи марта ўзбекистонликлар Иссиқкўлга учиб бориши бўлди.

«Бугун Иссиқкўлга Тошкентдан амалга оширилган рейс орқали 200 нафар сайёҳ келди» , — дейилган K-News хабарида.

Миллий авиакомпания матбуот хизмати берган хабарга кўра, ушбу маршрут бўйлаб чартер парвозлар шу йилнинг 29 августигача Boeing 757 авиалайнерларида ҳафтада бир марта — сешанба кунлари амалга оширилади.

Сешанба куни Тошкентдан самолёт соат 8:10 да Иссиқкўлга етиб боради, Тошкентга эса соат 12:40да учиб кетади.

«Тошкент–Иссиқкўл–Тошкент» йўналишини йўлга қўйиш бўйича келишувга шу йилнинг апрелида миллий авиакомпания раҳбарияти ҳамда Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги вакиллари ўртасидаги учрашувда эришилганди.

Top