Қуддус Аъзам муаллифлигидаги «Муносабат» кўрсатувининг сўнгги сонларидан бири ҳозирги даврда жамиятимизни қийнаётган энг оғриқли масалалардан бири — оиладаги ажрашувлар, шунингдек, президентимиз ҳам диний соҳа вакиллари билан учрашувда тилга олиб ўтган масала — қўшхотинликка бағишланди.

Студияга таклиф этилган диний уламолар, адлия ходимлари, олийгоҳ ўқитувчи-профессорлари, назаримда, мавзуга умумий тарзда баҳо бериб, оилалардаги ажралишлар ва қўшхотинлик каби турли икки мавзуни аралаштириб юборишди. Тўғри, бири иккинчисига сабаб бўлишини, ҳуқуқий оқибатлари ўхшаш эканлигини инкор этмаслик керак. Лекин президентимиз тилга олган қўшхотинлик масаласи фақат диний томондан, суннатга мувофиқ бўлиш учун уйланаётганларни назарда тутган эди. Бекорга бу гап имом-хатиблар ва диний уламолар қатнашган мажлисда янграмади.

Диний уламоларимиз кўрсатув мобайнида никоҳ ўқиш учун муфтият уларга ФҲДЁ гувоҳномасини кўргачгина амалга оширишни буюрганини рўкач қилишди. Иккинчи оила қураётган эркакларимиз кўрсатув давомида «чаламулла» деб аталган касларнинг хизматларидан хуфёна фойдаланишаётганини айтиб, масъулиятни ўз зиммаларидан соқит қилишди. «Биз ундай оилаларга никоҳ ўқимаяпмиз, тамом, муаммога бизнинг алоқамиз йўқ», қабилида янгради бу. 

Адлия тизимида ишлаб келаётган вакиллар эса қўшхотинликнинг ҳуқуқий оқибатларига тўхталишди. Айниқса, опаларимиздан бири томонидан студияда «икки эрлик» дейилган ҳолат ҳам тилга олиндики, бунақаси ТВда алоҳида олиб чиқиб, муҳокама қилишга ярамайди, деб ҳисоблайман. Кўрсатувнинг ҳам умумий мавзусига бироз путур етказиб қўйди. Чунки ўзбекчиликка ёт ҳолат-ку бу?! Полигамиянинг бундай тури бизда мавжудлигига бу ҳолат мисол бўла олмайди, аксариятга таниш бирорта динда ҳам йўқ.

Никоҳидан расман суд орқали ёки суд орқали ажралмасдан мусулмончасига «талоғини берган ҳолда» ажралиб, иккинчи турмуш қуриш ҳолати ва биринчи никоҳини сақлаб туриб, иккинчи хотинга уйланиб олиш тамоман бошқа-бошқа ҳолат ва масалалардир, гарчи ҳуқуқий оқибатлари ўхшаш бўлса-да. Юқорида ҳам таъкидлаганимдек, кўрсатувда ана шу икки нарса аралаштирилиб юборилди, назаримда.

«Муносабат» кўрсатуви ажралишларнинг сабаблари ва қўшхотинликни алоҳида-алоҳида мавзу сифатида олиб чиққанида ҳар икки мавзу кенгроқ қамраб олинган, турли фикрлар эшитилган бўларди.

Келинг, ушбу мақолада ўзимиз дастлаб кейинги пайтда кўпайгани эътироф этилаётган ажралиш мавзусини очишга ҳаракат қилайлик-да, турмуш қурган ёшларнинг оиласининг барбод бўлишига сабаб бўлаётган бош масалаларни ўрганиб чиқайлик.