Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ярми ортда қолди. Ўтган қисқа муддатда қатор ишлар амалга оширилди. Қолганлари давом этяпти. Албатта, қўлга киритилган ютуқлар ўзимизники. Бироқ бугун халқ билан мулоқот қилиш, аҳолининг муаммоларини ўрганиб, масалани жойида ижобий ҳал этишда оқсоқликлар ҳамон учраётганидан ташвишга тушмасликнинг иложи йўқ. Бир нарса аниқки, давлат халқ ҳокимиятига асосланган экан, унинг ҳузуридаги ташкилотми ёки давлат олдидаги мажбуриятларни бажараётган нодавлат ташкилот бўладими, қатъи назар омма билан ишлашни кучайтириш зарур.
Муаммонинг кичиги бўлмайди. Чекка бир туманда аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси ёки газ мунтазам равишда узилиб турса, ўша ҳудуддаги аҳолининг ҳоли нима кечади? Аҳоли ўз мурожаатида бу масала юзасидан шикоят қилса, бунга маҳкамадан туриб, хат орқали жавоб ёзиш билан иш битмайди. Бу арзимас муаммо экан деб, бепарволарча мурожаатни муддати ўтгач, жавобини ёзиб юбориш, ўша ерда истиқомат қилаётганларнинг давлат ташкилотига ёки мамлакат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобига ҳукумат олдида мажбуриятларни бажараётган ташкилотларга нисбатан одамларда ишончсизлик келтириб чиқармайдими?
Сир эмаски, аксарият ҳолларда айрим ташкилотлар ўз олдидаги муаммони ечмасдан ундан “бурилиб” ўтиш мақсадида судга мурожаат қилинг, фалончига мурожаат қилинг деб осонгина ишни бошқаларга юклашни одат қилиб олган. Ачинарлиси, бу ташкилотлар ўзидан юқори турувчи давлат органларига ҳар доим битта жавобни - ҳали ундай, ҳали бундай кўринишда мазмунан бир хил тарзда тақдим этади. Бунда, асосан, фалон тадбир ташкил этилди. Писмадонча одам қамраб олинди, мутахассислардан тегишли жавоб олинди каби ҳисоботлар “гапиради”. Улар олиб борган чора-тадбирларнинг сифат даражаси, мавзу кўлами ҳам ўша баландпарвоз гаплару, сийқаси чиққан шиорлар бошқача қилиб айтганда, “яшасин”, “ура-ура”дан бошқа нарса эмас.
Тиббиёт коллежида ўтган учрашувда Олдинги чақириқда сайланган бир депутат билан учрашувда иштирок этдим. Депутатимиз юртни қандай севиш керак, партия қандай тадбирларни ўтказаётгани тўғрисида тўлқинланиб сўзлади. Тадбирдан сўнг депутат коллеж раҳбариятининг тадбир давомидаги совуққина муносабатидан норози экани тўғрисида менга гапириб қолди. Мен унга шунчаки хафа бўлманг, деб қўйдим. Депутат ҳурматни ўзи сўраб олганди. Коллеж директоридан тортиб, ўқувчиларгача аллақандай тадбирбозлик ҳақида ҳисобот берган депутатга яна қандай муносабат билдириш мумкин. Мен давлатнинг олий қонун чиқарувчи ҳокимиятида фаолият юритадиган сизларнинг вакилингизман, дейишини коллеждагилар кўп кутди. Лекин депутат бу гапни гапирмади. Бу каби ҳолатлар ҳозир йўқ, деб ўйлайсизми, албатта, бор.















