Жамият | 16:02 / 19.07.2017
10348
2 дақиқада ўқилади

Ҳасанбой Дўсматов ҳамда Руслан Нурудинов ҳақида китоблар тақдимоти ўтказилди

Бугун, 19 июль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда "Аскар кутубхонаси" сериясида "Замонамиз қаҳрамонлари" рукни остида ёзилган янги китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

"Ҳасанбой Дўсматов" ва "Руслан Нурудинов" деб номланувчи бу китобларда спортчиларнинг ҳаёти, фаолияти, Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган  Олимпиада ўйинларида ғалабага эришиш онлари батафсил ёритилган. Шунингдек, китобни варақлар экансиз, жаҳон чемпионларининг оила аъзолари, яқинлари, устоз ва мураббийлари, мухлислари томонидан билдирилган самимий ва илиқ фикрларга гувоҳ бўласиз. 

Мазкур асарлар муаллифлари - Иқбол Мирзо, Нодир Жонузоқ, Ориф Толиб. Барча қизиқарли маълумотлар ва интервьюлар ранг-баранг суратлар билан уйғунлашгани китобхонни бир зумда ўзига жалб эта олади. Замонамизнинг чинакам қаҳрамонларига айланган Ҳасанбой Дўсматов ҳамда Руслан Нурудиновнинг нафақат эришган ютуқлари, муваффақиятлари, балки инсоний фазилатлари ҳам ёш авлодга ўрнак бўлади. 

Таклиф

Келгусида "Замонамиз қаҳрамонлари" рукни остида нафақат спортчиларимиз, балки ёши кичик бўлишига қарамай, чет эл мусобақаларида турли йўналишлар, жумладан, ментал арифметика бўйича катта ютуқларга эришиб келаётган болажонларимиз ҳақида ҳам махсус китоблар чоп этилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Умуман олганда, мактаб дарсликлари орасига "Замонамиз қаҳрамонлари" номли янги фан киритилса ва унда Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтаришга ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳаёти, ижоди ҳикоя қилиб борилса, бу  ўсиб келаётган авлоднинг ўз йўлини топиши, келажакда қаҳрамонларга ҳавас қилган ҳолда катта натижаларни қўлга киритишига туртки бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид