Борганлар билади — Сурхондарёга кираверишдаги «Дарбанд» йўл-патрул хизмати масканидан ўтибоқ катта йўл иккига бўлинади: тўғрига юрсангиз — Шеробод, Ангор орқали вилоят маркази — Термизга борасиз. Чап томонга бурилсангиз — Бойсун, Олтинсой, Денов, Сариосиё ва Узун тумани аҳолиси юрадиган йўлдан юрасиз.
Тўғри, Сурхон воҳасига элтувчи йўлларни таъмирлаш борасида кейинги йиллар жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаттоки, бир неча йиллар давомида ўта абгор ҳолатдаги Бойсун – Тангимуш йўли ҳам бинойидек таъмирдан чиқарилди. Ҳайдовчиларнинг узоғи яқин бўлмоқда.
Лекин ана шу Бойсун туманидаги Тангимуш аҳоли пунктидан Олтинсойнинг Миршоди қишлоғигача бўлган оралиқдаги 18 км йўл эсимни таниганимдан буён — қарийб 25 йиллар чамаси, ўта таъмирталаб. Баъзи ўринлар собиқ иттифоқ давридан бери асфальт кўрмаган, деб бемалол айта оламан. Мана шу 18–20 км йўлни босиб ўтиш учун сиз камида 1,5 соат вақтингизни сарфлайсиз. Тасаввур қиляпсизми? Қачон шу йўлдан ўтган бўлсам, албатта йўлнинг носозлиги туфайли машинасига шикаст етган камида битта ҳайдовчини йўлимда учратаман.


Бунга сабаб нима? Олтинсой ва Бойсун туманларининг чегарасида жойлашган участка бўлгани учун ҳар икки туман мутасаддилари ўз зиммасидан соқит қилганими? Ёки қачонлардир режага киритилгану, ажратилган воситалар ва пуллар «туя» қилингани сабабли йўлнинг шугина қисми йиллар оша таъмирланмай келмоқдами?
Суратларга эътибор берсангиз, айниқса, Денов ва Шўрчига буриладиган чорраҳа аввалида учрайдиган бир кўприкнинг аҳволи жуда аянчли кўринишда. Бу қайси бир қишлоқнинг ёки маҳалланинг кўприги эмас, вилоятнинг аҳоли зич жойлашган 5-6 та туманига элтувчи республика аҳамиятидаги, яккаю ягона йўлнинг бугунги кундаги аҳволи!





Ростини тан олиш керак, йўлдаги майда-чуйда «ўра»ларни суратга олиб ўтирмадим. 70 фоиз жой фотоаппаратим нигоҳидан четда қолди. Чиндан ҳам даҳшатли, машиналарнинг равон юришига халақит берадиган ўринларни суратга олдим, холос.






















