Жаҳон | 12:03 / 21.07.2017
7435
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва Исроил президентлари Ал-Қудсдаги кескин вазиятни муҳокама қилишди

Фото: Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил президенти Реувен Ривлин билан Ал-Қудсдаги Ал-Ақса масжиди билан боғлиқ кескин вазиятни телефон орқали муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Анадолу” Туркия давлат раҳбари маъмуриятидаги манбаларга асосан.

Туркия президенти 14 июль куни Ал-Қудсда рўй берган ва инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ҳодисалардан ташвишда эканини билдирди.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, зўравонлик ҳолатларига йўл қўймаслик, диний объектларнинг муқаддаслиги ва тарихий мақомига ҳурмат руҳини сақлаб қолиш лозим.

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Ал-Қудс масжиди ҳудудига кирмоқчи бўлган мусулмонларга нисбатан қўлланган чекловларни қабул қилиб бўлмайди ва ушбу масала дин эркинлиги доирасида ҳал этилиши лозим.

Туркия президенти “Ал-Ақса” масжидининг мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб, исроиллик аскарлар масжидга кираверишда металл буюмларни қидириш қурилмаларидан фойдаланишни бас қилишлари лозимлигини қайд этган.

Исроил президенти Ривлиннинг бунга жавобан таъкидлашича, ушбу чоралар хавфсизлик мақсадида кўрилган бўлиб, масжиднинг мақоми аввалгидек қолади, дин эркинлиги эса чекланмайди.

Аввалроқ Ражаб Тоййиб Эрдўған фаластинлик ҳамкасби Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқотда Исроилнинг Фаластин аҳолисига нисбатан ҳуқуқбузарликларини муҳокама қилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид