Ёз ойида чет элда дам олишни режалаштирдингизми? Ўзингиз билан вояга етмаган фарзандингизни ҳам олиб кетишни истайсизми? У ҳолда тайёр туринг, олдинда сизни кўплаб чиғириқлар қарши олади. 

Ўтган кун бир ярим ёшдаги ўғлим учун "киндер" паспорт олиш мақсадида эрталабки соат 9:00 атрофида Юнусобод туманидаги паспорт столига ташриф буюрдим. Ортиқча сарсонгарчиликка дуч келмаслик учун болалар паспортига қандай ҳужжатлар зарур бўлишини телефон орқали қўнғироқ қилиб, билиб олгандим. Лекин қарангки, ҳар қанча тайёрланиб келмайин ҳужжатлар орасида камчилик топилди: "Прописка". Ўғлим ҳали ёш бўлганлиги учун уни доимий турар жой рўйхатидан ўтказиш ёдимиздан чиқибди. Хайриятки, бахтимга хонадонимиз эгаси (яъни қайнонам) ёнимда эдилар. Бироқ уларнинг паспорти уйда қолган эди. 

Наилож, уйга қайтишга тўғри келар эканда, деб турганимизда, "телеграм" деган мессенжер борлиги хаёлимга келди ва дарров уйга қўнғироқ қилиб, интернет орқали паспортнинг сканер қилинган нусхасини юборишларини илтимос қилдим. Муаммо бир зумда ҳал бўлди ва 5 дақиқа ўтгач, паспорт нусхаси "онлайн" тарзда етиб келди. 

Барча ҳужжатларни тайёрлагач, ўғлимни бир соат ичида доимий пропискага ўтказдик. Ана энди "киндер" паспорт учун олға!

Паспорт столига мурожаат этиб келувчи фуқароларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида ҳар бир бўлим атрофида кўплаб "хизматлар столи" фаолият олиб боради. Биз ҳам уларнинг ёрдамида барча керакли кўрсатмаларни олиб, аризани тайёрлаб, кассага келдик. Бу ердаги ҳолат мени бироз хавотирга солди. Одам жуда ҳам кўп, пул қабул қилаётган банк ходимлари эса бор-йўғи иккита.

Кассир қиз ўғлим билан турганимни кўриб, менинг тўловимни биринчи қабул қилди. Кутмаган эдим, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Режада энг сўнгги иш - биометрик паспорт учун суратга тушиш қолди. 

Суратга тушиш хонасига яқинлашар эканман, бу ерда тўпланган навбатни кўриб, "ёқа" ушладим. Одам жуда кўп, улар орасида кекса ёшлилар, ёш болали аёллар ҳам бор. Соат 11дан ошган, ҳаво иссиқ. Барча асабий бир-бирига боқар эди. Навбатга 36-бўлиб ёзилдик. 

Ўғлим ухлайдиган вақт келгани боис, атрофдагилардан навбатсиз ўтказиб юборишларини илтимос қилмоқчи бўлдим. Ахир, бир-бирига ёрдамини аямайдиган, саховатли ўзбек халқимиз, дея ўйладим ичимда. 

Минг афсуски, ҳали сўзимни охирига етказмай туриб, ёнимдаги кишидан "яхшигина" гап эшитиб олдим. Нима эмиш, бу ерда турганларнинг барчасида фарзанд бор эмиш, паспорт столига болаларни баҳона қилиш учун етаклаб келмай, уйда қолдириш керак экан. Тўғриси, устимдан кимдир муздек сув ағдаргандек бўлди. Ахир, паспортга мен эмас, фарзандим суратга тушади-ку. Буни тушунтириб ўтиришга кучим ҳам қолмади.