Upgradе аёллар марказининг «Ота ва қиз» лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувга таклиф қилинган тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов ўз фикрини бўлишди.

«Болалигиданоқ  қизларга  бузилган қадриятлар сингдирилади, бузилгани шундаки, гўёки унинг қўлидан келадиган ягона нарса – ё рўзғор ишларини бажариш ва бола тарбияси билан шуғулланиш ёҳуд боғчада тарбиячи, мактабда ўқитувчи, нари борса шифокор бўлишдир», — деган у.

Book Cafe да оила, оталик, бола тарбияси, хусусан қизлар тарбияси масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашув «Ота ва қиз» лойиҳаси доирасида Upgrade аёллар маркази томонидан ташкиллаштирилди.

Муваффақиятли, ижтимоий  фаол бизнесмен, икки қизнинг отаси Ҳикмат Абдураҳмонов оила ва бола тарбияси борасида бир неча тезисларни кўрсатиб ўтди.

Никоҳ –ширинликлар, гулдаста ва романтикадан иборат эмас
Никоҳ – ширинлик, гулдаста ва романтикадан иборат эмас. Аксинча, ҳар томонлама тайёргарлик, жавобгарлик ва бу тушунчани тўлиқ  англашни талаб этувчи реалликдир. 18-20 ёшда жуфтликлар аксарият ҳолатларда мустақил ҳаёт, оилавий ҳаётнинг масъулиятини англашга тайёр эмаслар. Оқибатда  боқимандаликка  мойиллик ривожланиб, ёш келин-куёв ота-оналикка тайёр бўлмаслиги у ёқда турсин, ўзлари ҳали болаликдан чиқишга улгурмаган бўлади ва бу омил ҳам ажримлар эҳтимолини оширади.

Ушбу муаммо айниқса бизнинг мамлакатда долзарб бўлиб, уни ижтимоий роликлар, катталар ва ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш орқали кўтаришимиз керак. Ёшлар ёшлик гаштини сурсин, ўқисин, ишласин, саёҳат қилсин, бир сўз билан айтганда улғайсин ва идеаллари, қарашлари, молиявий мустақиллиги шаклланиб бўлганидан кейингина ўзлари буни англаган ҳолда никоҳ қуриш ҳақида ҳаётларидаги муҳим қарор сифатида ўйлашлари зарур. Ёш нуқтаи назаридан бу 23-25 ёшга яқин содир бўлади.

Жамиятнинг оғриқли нуқтаси – ҳисоб-китобли никоҳ
Кўпинча куёвнинг ота-онаси келин қидириш билан шуғулланади, куёв бўлмиш эса бўлажак рафиқасини танимаслиги ёки у билан тўйгача бир-икки марта учрашган бўлиши мумкин. Айтинг-чи, XXI асрда, тараққиёт асрида бу қанчалик тўғри? Бундай юзаки ёндашувда сизга айнан шу инсон ёқиши ва у билан тақдирингизни боғлашингиз мумкинлигини ишонч билан айтишингиз эҳтимоли қанчалик кучли? Ёшларга атрофидагилари орасида, университет ва коллежларда ёки қизиқишларига кўра ўз тақдирини излашга нима ҳалақит беради?

Эр-хотин ҳаётини қураётиб, ёшлар ўз қарорлари учун бутун жавобгарликни ўз зиммасига олишлари лозим. Ота-оналар ташаббусни ўз қўлига олар экан, олдиндан ўз фарзандида қарор унга тегишли эмаслиги ва жавобгарлик ҳам унинг бош оғриғи эмаслигига ишончни шакллантиришади. Бунда шарқ анъаналарига тан бериб, ёшлар ўз ота-оналари билан маслаҳатлашишлари ва «оқ фотиҳа» олишлари мумкин. Мазкур анъана ёш ота-онанинг ўз фарзандларига меҳр беришига  таъсир қилиб, улар бир-бирларига бўлган муҳаббатнинг ҳақиқий меваси бўлади.