Ўтган ҳафтада Фарғона вилоятидаги ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини исботловчи аудиоёзув пайдо бўлди. Ушбу аудиоёзув Sof.uz нашри таҳририятига келиб тушган бўлиб, бу ҳақдаги хабар сайтда 21 июль, жума куни кечқурун эълон қилинди.

Ушбу аудиоёзув Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани халқ таълими бошқармасида ўтказилган йиғилишга оид бўлиб, унда туман халқ таълими мудири ўз ходимларига қўпол муносабат қилишдан ташқари, бир неча ўринларда Ўзбекистон қонунчилигига зид фикр юритган, Меҳнат Кодексидан бехабарлигини, бохабар бўлсада, қонунни ҳурмат қилмаслигини кўрсатган. 

Йиғилиш ўтган ҳафтанинг чоршанба куни, бир ҳафта муқаддам бўлиб ўтган. Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова ўқувчиларнинг таълимдан кўра қишлоқ хўжалигини биринчи ўринга қўйиши - ўз ваколатига кирмайдиган масалани таълимдан устун кўриши, вилоят ҳокими буйруғига қарши чиқадиган ўқитувчиларни (мактаб директорлари) огоҳлантириши, мажбурий сотилган китобларнинг пулларини тезроқ тўлаб қўйиш кераклиги, ўқитувчиларга ёзда буғдой ўрнига картошка экишни, ўқитувчилар нафақахўрлардан ойлик маошини пластикка ўтказиб бериш сўралган аризалар олиб келишни буюришини қуйидаги аудиода тинглаш мумкин.

«Қишлоқ хўжалиги биринчи масала. Ҳар куни мактаблар тўрт нафардан, боғчалар икки нафардан одамингиз районони олдига! Ҳар куни. Мен ўзим айтаман ким-ким туришини. Мен бўлиб қўйдим уч кун, уч кундан. Биттадан директор, биттадан боғчадан келиб туради. Ўша турган одам бирга олиб борасиз. Қаерга борса, бирга олиб борасиз. Икки соат, уч соат ишлаяпти, холос. Жуда эзилиб кетгани йўқ, иссиқдан. Тепасида турмасак, уларнинг борганлардан фойда йўқ. Уларни йўлкира қилиб жўнатамиз, улар далага бориб, тутқаторга ўтирволади. Пахтани чеканка қилиш керак холос. Эртага ўша пахта бизга керак! Мени қанақа тушунсангиз тушунаверинг, эртага ўша пахта бизга керак! Эртага пахта яхши бўлса, биз қийналмаймиз, бўлмаса, биз қийналамиз. Билволинг. Фермергаям, бошқасигаям ҳеч нарса керак эмас, уларнинг мақсади бошқа. Уларни орасида виждони бори кам», дейди ўқитувчиларни пахта даласида текин хизматкордай ишлатишга буюратуриб.

У боғчаларнинг мажбурий меҳнатдаги фаоллигини мақтай туриб, мактаб ўқитувчилари давомати паст эканига эътибор қаратиб, давоматни яхшилашни талаб этади.

Мудир «вилоят ҳокимига қарши» чиқадиганлар уни олдиндан хабардор этиши шартлигини айтади: «Ўзингизча Америка очаверманг! Вилоят ҳокимига қаршимиз, унинг топшириғига қаршимиз, десангиз, марҳамат. Кириб, айтиб кетаверинг. «Мен қила олмайман бу ишни. Менга буюрманглар, мен мустасно бу топшириқдан, деб айтиб кетасиз!» дея огоҳлантиради Нишонова.