2013 йил 24 октябрда «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ, «Gamma Promotion» МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси хабар қилди.

Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Исламовна Каримова, 1972 йил 8 июлда Фарғона вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, Сиёсий тадқиқотлар маркази директори лавозимида ишлаган, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Я.Ғуломов кўчаси, 77 "а"-уйда рўйхатда турган, 2001−2012 йилларда Н.Содиков, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Р.Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганлиги аниқланган.

Жумладан, Гулнора Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001−2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан:

— фуқаролар ва тадбиркорларнинг 54,1 млрд. сўмлик пул маблағлари, акциялари, улушлари ва мулкий объектларини товламачилик йўли билан эгаллаш (Г.Гаибназаровнинг «Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи» ОАЖ ва «Ангрен-цемент» МЧЖдаги 4,1 млрд. сўмлик акциялари, 4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 17,3 млрд. сўмлик 2та квартираси, 4 уй-жойи (ҳовли) ва 8та автомашинаси, Ш. Аҳмедовнинг «KOLORPAK» ва «NASHRIYOT UYI TASVIR» МЧЖдаги 1,9 млрд. сўмлик улуши ва бошқалар);

— турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 млрд. сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш («Ўздунробита» ҚКдаги 131,9 млрд. сўмлик (49%), «Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan LTD» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 млрд. сўмлик (67,1%), «Rubicon Wireless Communication» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 млрд. сўмлик (30%) давлат улуши, 20,4 млрд. сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар);

— даромадларни (1 трлн. 570,3 млрд. сўм), кўрсатилган хизматлар, ишлар ва сотилган маҳсулотлардан тушумларни (253,9 млрд. сўм) камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш (266,2 млрд. сўм), текинга хизмат кўрсатиш, ортиқча асосий воситалар шаклида солиққа тортиш базасини камайтириш ва бошқа йўллар билан (994,3 млн. сўм) уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялар фаолиятида 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;

— жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида уюшган гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш.