1 август куни Ўзбекистондаги барча олий таълим муассаларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотига кўра, жорий йилда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 729 минг 947 абитуриент ҳужжат топширган. Бу 1 ўринга ўртача 10,9 абитуриентни ташкил этади. 

«Кун» мухбирлари Юридик университет, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университетда бўлиб, жараённи ёритишди.

Бу йилги имтиҳонларда олийгоҳларда шаффофликни таъминлаш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент давлат юридик университетига кириш имтиҳонлари бутунлай янгича шаклда ташкил этилди. 

Бу йил давлат тест имтиҳонларида шаффофликни таъминлаш ва адолат мезонларига сўзсиз амал қилишга эришиш мақсадида «Ўзэкспомарказ»нинг 6та биносида ахборот технологияларидан кенг фойдаланилди. Павильонларда 75та видеокузатув камералари ўрнатилди, улар орқали имтиҳон жараёни жонли эфирда узатиб борилди. 

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов университетга кириш имтиҳонлари жараёнини кузатиш учун ташриф буюрди. Унга Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамроҳлик қилди. Бош вазир тест синовлари ўтказилаётган хоналар ва жараён билан яқиндан танишган. Тегишли раҳбарларга кўрсатмалар берган. Бундан ташқари, Абдулла Арипов Ўзбекистон Миллий университетига ҳам ташриф буюрган. Бош вазир у ерда ҳам ўтказилаётган имтиҳонлар жараёни билан танишди. 

Бу йилги имтиҳонда текшириш, кузатиш ва назорат ишларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходимлари, ички ишлар ходимлари, божхона, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати ҳамда университет ходимларидан иборат гуруҳлар жалб қилинди. Абитуриентлар икки тартибда ташқи ва ички назоратдан ўтказилди.

Ташқи назоратда абитуриентлар 3 босқичда текширувдан ўтказилди. Махсус замонавий текширув жиҳозларидан тортиб ҳар бир абитуриент масъуллар томонидан индивидуал текширувдан ҳам ўтказилди. Ёнидан тақиқланган буюмлар топилган абитуриентлар имтиҳондан сўзсиз четлаштирилди. «Ўзэкспомарказ» ҳудудида бу ҳақда абитуриентларни огоҳлантирувчи баннерлар қўйилди. Очиқ ҳудудда «Шпаргалка, валюта ва бошқа буюмларни ўз ихтиёрингиз билан топширишингиз керак. Тегишли ходимлар томонидан топилса, далолатнома тузилади ва тестдан четлатиласизлар», дея эълон бериб борилди. Абитуриентлар жуда жиддий тарзда назоратдан ўтказилди, уларнинг ҳаттоки оёқ кийимлари ҳам ечилиб, тегишли тартибда текширилди.