Жорий йилнинг 21 июль куни Кун.uz сайти орқали “Харобада бир уй бор: Яккасаройда аросатда қолган хонадон ҳақида” деб номланган таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада Маҳмудов Фахриддин Панжи ўғли ва Лобанова Татяна Александровналарнинг Кун.uz сайтига қилган мурожаатлари юзасидан улар яшаётган хонадон ҳолати, ундаги шароитлар ва бу ишларга ҳокимият мутасаддиларининг муносабати ўрганилган эди. Ушбу мақола эълон қилингач, Яккасарой тумани ҳокимияти мазкур масала юзасидан ўз муносабатини билдирди. Қуйида ҳокимият томонидан Кун.uz сайтига юборилган мактуб ҳавола қилинмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 10 февралдаги 131-сонли қарорига асосан, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси 64А-уй, 1 ва 4-хонадонлар бузилишга тушган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги  97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат ихтиёрлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан, фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг талабларига мувофиқ ҳамда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани ҳокимининг 2017 йил 10 февралдаги 104-сонли қарори асосида, турар-жой бинолари бузилиши ҳисобига ҳудудда ободонлаштириш, оилаларни уй-жой билан таъминлаш, ер участкаси ажратиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман ҳокимлигида комиссия ташкил этилган.

1. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси, 64а-уй,
1-хонадон (общий двор) умумий фойдаланиш майдони 52,29 кв.м., шундан
2 та яшаш хонасининг майдони 40,50 кв.м., ташкил этади. Ушбу хонадон фуқаро Маҳмудов Фахриддин Панжи ўғлига тегишли бўлиб, хонадонда
3 та оила доимий рўйхатда туради. Шулардан Маҳмудов Фахриддин Панжи ўғли оиласи 6 жондан, Маҳмудова Феруза Панжиевна оиласи 7 жондан ва Маҳмудова Саида Фаҳриддин қизи оиласи 1 жондан иборат.

Мазкур оилаларга Сергели ва Юнусобод туманларида жойлашган 5 ва 6 хонали уйлардан, шунингдек, фуқароларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, Юнусобод ва Яккасарой туманларидан турар жойлар таклиф этилди. Бироқ таклиф этилган ва ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб танланган хонадонларнинг биронтаси маъқул келмади.