Борини эл-юрт билан баҳам кўришни истайдиган халқимиз ўзининг тўйлари билан машҳур. «Топганинг тўйларга буюрсин, илоё», дея дуо қилишади нуронийларимиз ҳам. Азал-азалдан шаклланиб келган, тўйларимиз билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз эзгу қадрият даражасига кўтарилган. Сабаби уларда ўзбек халқининг бой маънавий дунёси, маданияти акс этган.

Аммо кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, кимўзарга тўй қилиш, одамлар ўртасида сохта обрў топиш, турли тўқликка шўхлик қилувчи одамлар томонидан ўйлаб топилиб жорий этилаётган, қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган янгича урф-одатлар авж олаётгани кишининг дилини хира қилади. Уларда халқимизнинг кўҳна ва бой маданияти эмас, балки айрим кимсаларга хос бўлган мақтанчоқлик, хўжакўрсинлик, кибру ҳаво намоён бўлмоқда.

Биргина келин томоннинг мебелу сарпо-суруқ ҳамда куёвнинг уйини безаш каби ярамас иллатлар тобора илдиз отаётгани ҳар бир мулоҳазали кишини ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта.

Бу жиддий масалани Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижод аҳли билан учрашганларида шахсан тилга олиб ўтди. Президентимизнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифида ҳам тўй мавзуси яна кўтарилди. Ушбу учрашувлар мобайнида жонкуярлик билан айтилган, беҳуда одатлардан воз кечган ҳолда аввало юртдошларимизнинг соғлиғини, моддий ва маънавий дунёсини асрашга қаратилган сўзлар айтилди.

Аммо кейинги кунларда интернет нашрларида президент сўзлари нотўғри талқин этилиб, (контекстдан сўзлар ажратиб олинган ҳолда) ўзига хос ахборот хуружи амалга оширилиши кузатилмоқда.

Бундай хабарларда тўйларни ихчамлаштириш ортидан тўй индустрияси талофат кўраётгани дастак қилинади. Бу яна қанақа индустрия бўлди? Ўша тўйларимизда пайдо бўлаётган ярамас одатларни урчитаётганлар, янгидан-янги одатларни жорий этаётганлар норозими энди бу тавсиядан?

Чиндан ҳам, ўша «келиннавкар», «Love story», ўнлаб машиналардан кортеж ясаш, одамлардан ортиб қолиб чиқиндига ташланадиган улкан торт кесиш каби янгича одатлар қадриятларимиз, ўзбекчилигимизга мутлақо ёт нарсалар эмасми? Ахир, ноннинг увоғини ҳам увол қилишни катта гуноҳ деб биладиган халққа ярашадими шу одатлар?!

Президент тўй қилаётган оилаларга қийин бўлмаслигини — янги пайдо бўлган урф-одатларни бажараман, дея мутлақо ўзини оқламайдиган ортиқча сарф-харажатларга кириб, қарзга ботиб, соғлиғидан айрилиб қолаётган ҳамюртларимизни ўйлаб, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ҳақида куюнчаклик билан гапириб ўтди. Айни пайтда жамиятимизда ёш оилаларнинг бузилиб кетаётганига бош сабаб ана шундай тўйлар ортидан келаётган машмашалар эканлиги ҳамма жойда айтилаяпти-ку!? Ҳамма кўриб-билиб, ўзи гувоҳ бўлиб турибди бундай «томоша»ларга. Бундай дабдабали тўйларга ич-ичидан қарши бўлган, аммо «одамлар қиляпти, мен ҳам қилишга мажбурман, қанийди ҳаммани бирдай тартибга солувчи қонун-қоидалар бўлса» деб ўйловчи юртдошларимиз ҳам кўплигини биламиз.