Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасида даволанаётган беморларнинг мурожаатларидан сўнг, Kun.uz таҳририяти томонидан суриштирув ўтказилган эди. Унда болалар шифохонаси бир кун ичида шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси биносига кўчирилгани (таажжубланарлиси, Президентнинг шаҳарга ташрифидан бир кун аввал шошилинч равишда шифохона кўчирилиб, эшик-ромлари қўпориб ташланган), бу эса беморларда хавотир уйғотгани, бироқ ЎзДСЭН вакилининг изоҳига биноан турли касалликларни бир-биридан ажратган ҳолда даволаш мумкинлиги ҳақида ёзилган эди.

Ушбу ҳолат бўйича жараённи ўрганиш чоғида бошқа кўпгина масалалар, таъбир жоиз бўлса, тиббиёт соҳасидаги иллатларнинг айримлари ошкор бўлди.

Хусусан, мактаблардаги ноқонуний фонд пуллари Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасида ҳам борлиги маълум бўлди. Канцелярия маҳсулотлари учун ё ҳамшира ёки бемор ўз ёнидан харажат қилади. Бундан ташқари, беморларга шифокорлар томонидан қиммат дорилар (арзон ва таркиби бир хил маҳаллий муқобили бўлган ҳолда) ёзилиши таҳририят мухбири суҳбатлашган беморлар томонидан маълум қилинди. Биз ҳолатни ўз тилимиз билан эмас, балки суҳбатлашганларимизнинг тилидан борича акс эттиришга қарор қилдик.

“Булар ҳаммаси коробка йиғади. Нима демоқчиман? Буни исбот қилиб бўлмайди-ку, лекин дўхтирларнинг ўзлари сизга ёзилган дорининг қутисини олиб қўяди. Бор нарса бу. Масалан, давлат томонидан шифохонага ажратилган дори 14 минг сўмлик десак, уни тугаган дейишади ва 22 мингликни ёзиб, шу дорини олиб кел, дейди. Кейин, дорини ишлатиб бўлгач, унинг қутиси, аниқроғи штрих-кодини оволишади”, - дейди хаста қизини кўтариб юрган йигит. Унинг айтишича, шифокорлар ёки ҳамширалар қани дорингизни кўрайчи, деб дорининг қутисини олиб қўйишади.

Яна бир онанинг айтишича, “9800 сўмлик дори билан 32 минглик дори таркиби бир хил бўлса-да, даволовчи шифокор айнан қимматини ёзади”.

“Аммо, 9 минг 800 сўмликни давлат чиқараяпти, 32 мингликни фирма чиқараяпти. 9 минг 800 ликни эмас, 32 мингликни ёзади-да, қутисини оволади. Уларга (шифокорларга демоқчи) қанақадир процент бор бўлса керак. Оддий шунчаки шифокорларнинг халатидаги чўнтагида ҳам қутилар туради. Агар уларга манфаат бўлмаса, чиқиндига ташланиши керак бўлган нарсаларни нима қилишади. Ҳамширалар укол қилиб бўлгач, йиғишади. Сумкаларини кўринг, бир нечта қути бўлиши аниқ”, - дейди бошқа бир она.

Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасидан шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасининг алоҳида корпусига кўчирилган беморларнинг ота-оналари билан суҳбатлашишда давом этиб, бу масалада янада кўпроқ фикрларни, улар дуч келган ҳолатларни сўзлаб беришларини сўрадик. Улардан бири, ҳатто республикадаги обрўли клиникалардан бирида бошидан ўтказган ҳолатини алам устида сўзлаб берди.