Сўнгги пайтларда маҳаллий матбуот нашрлари ва телевидениеда кўплаб мавзулар, айниқса жамиятнинг юрак-томирига болта уриб келган айрим масалалар очиқ муҳокама этилди ҳамда бундай ишлар давом этмоқда.

Шулар қатори, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазир​ биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов АҚШнинг халқаро муносабатлари бўйича Сенат қўмитаси делегацияси билан учрашув вақтида Вазирлар Маҳкамаси 8 август куни​ Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилги мавсумда балоғат ёшига етмаган ёшларни, шунингдек, Соғлиқни сақлаш соҳаси ва таълим соҳаси ходимларини пахта теримига жалб этишни тақиқла​б, тегишли қарор қабул қилгани ҳақида маълумот берди.

Бу жуда қувонарли ҳол, албатта. Масаланинг бошқа тарафида эса янги мавсумда пахта теримида иштирок этмоқчи бўлган теримчиларга яратилган шароит талаблари турибди. Пахта терими мавсумида вояга етган талаба ёшларнинг айримлари меҳнатга жалб этилади. Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, шундай тадбирнинг қандай ташкил этилиши борасида бир неча мисоллар билан танишиб чиқишимиз мумкин.

Мева пишиқчилиги даврида Европанинг бир неча ривожланган давлатларида олий таълим муассасаси талабалари учун мавсумий ишлар таклиф этилади. Булар орасида энг кўп тарқалгани Испания ва Кипрда «апелсин териш» бўлса, Буюк Британия ҳамда бир нечта Марказий Европа давлатларида турли ҳўл меваларни териб, ҳосилни саралаш каби ишлар ҳисобланади.

Нега талабалар мева теримига боради?

Фото: NCC

Йиғим-терим тадбири, аввало, юқори ватанпарварлик руҳида ташкил этилади. Шу кўринишдаги мавсумий ишга ёзилган талабалар учун махсус шароитлар яратиб берилади. Университет ҳаётига қадам қўйган ёшлар учун бу атрофдагилар билан яқиндан танишишнинг энг яхши имконияти ҳисобланади. Бир вақтда ишлаб, ҳам дам олиш мумкин. Маҳаллий ҳокимият вакиллари теримнинг кўтаринки кайфиятда, ортиқча муаммоларсиз, зарар ва заҳматсиз ўтиши учун барча фавқулодда чораларни кўриб қўяди.

Бундан ташқари, талабалар йиғим тадбирлари ортидан қўшимча даромад топишни кўзлаб қўяди. Буюк Британиядаги «Мустақиллик» партияси етакчи депутати Жон Беклининг айтишича, ушбу амалиёт айни пайтда таълим олаётганлар учун дам олиш билан бирга пул топишнинг энг яхши йўлларидан бири ҳисобланади.

Мева терим ишлари қай тартибда ташкил этилади?