Кўзгуга боқинг. Кечаги кўринишингиздан фарқ у қадар катта эмас, шундайми? Энди эса 10-15 йил аввалги суратингизни олинг ва кўзгудаги инсонга таққосланг. Фарқ бор, тўғрими?

Кўзлар остидаги ҳорғинлик белгилари, бурун ва лаб атрофидаги майда ажинлар... Терининг тонуси аввалгидек эмас. "Ортодокс" тиббий портали ёш кўринишнинг беш асосий қоидаси билан бўлишди.

Биринчи қоида: Тўйиб ухланг!

Фото: FitExpert

Ҳа, бу оддий гапдек туюлиши мумкин, лекин аслида бунда гап кўп. Тўйиб ухланг! Атиги 3-4 соат ухлаб, дунёни эгаллаган буюк инсонлардан ибрат олманг. Наполеон дейсизми? Ҳа, у уч соат ухлаган, бироқ 60 ёшга ҳам етмай вафот этган... Сиз бундай ҳаёт тарафдори эмассиз-ку, ахир. Шундай экан, иш эмас, организмингиз қанча талаб қилса, шунча ухланг.

Уйқуни ўрганиш миллий жамиятининг яқинда ўтказган тадқиқотига кўра, 20-30 фоиз киши тизимли равишда уйқуга тўймас экан.

Уйқу вақтида эса организмнинг детоксикация ва регенерация жараёни рўй беради. Гормонлар ишлаб чиқарилади, мушаклар тонуси ва инсоннинг ташқи кўринишига таъсир кўрсатувчи ўсиш гормони ҳамда зиён етган ҳужайраларнинг таъмирланиши билан боғлиқ мелатонин гормони ҳам шулар жумласидандир. 

Инсон тўйиб ухлаши учун неча соат керак бўлади?

  • Янги туғилганлар (0-3 ойлик) - 14-17 соат;
  • Чақалоқлар (4-11 ойлик) - 12-15 соат;
  • Болалар (1-2 ёш) - 11-14 соат;
  • Боғча ёшидаги болалар (3-5 ёш) - 10-13 соат;
  • Мактаб ўқувчилари (6-13 ёш) - 9-11 соат;
  • Ўсмирлар (14-17 ёш) - 8-10 соат;
  • Катталар (18-64 ёш) - 7-9 соат;
  • Кексалар (65 ёш ёш ва ундан катта) - 7-8 соат.

Иккинчи қоида: Ширинликлардан тийилинг!

Фото: mygrace.ru

Тан олинг, ширинликларни яхши кўрасиз-а? Кечки пайт телевизор кўриб ўтириб бирор пишириқни паққос туширасиз. Иш устида печеньени "майдалаб ўтирасиз". Жазирамада эса - музқаймоқ. Энди ўйлаб кўринг, сизнинг ёшингиз 16 да ёки ҳатто 25 да ҳам эмас. Айнан шу ёшдан организмда метаболизм секинлашади ва илгари тезда ҳазм бўлган ширинликлар ортиқча ёғ сифатида тана вазнини ошириб боради. Бу эса, ўз ўрнида, организмдаги токсинларни "ушлаб туради".