Халқаро Вивек Ананд фонди - Ҳиндистондаги етакчи тадқиқот марказларидан бири. Фонд тузилмасида ташқи сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, цивилизацион тараққиёт тадқиқот марказлари фаолият юритади. Шу фонд ходими Сканд Ранжан Таял куни кеча Ўзбекистон Президентининг радикаллашув мониторинги бўйича «Йўл харитаси» ҳақидаги мақоласини тақдим этди.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилувчи Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари жамиятда радикаллашув жараёнларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тараққиёт ва ривожланиш тарафдори бўлган Ўзбекистоннинг дунёвий мамлакат мақомини сақлаб қолиши - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан асосий вазифа этиб белгиланди. Унинг адолатли ва рақобатбардош кечган сайловларда 88 фоиздан зиёд сайловчи томонидан қўллаб-қувватланган ғалабаси Ўзбекистон Республикасининг куч-қудрати ва етуклигини намойиш этди. Ислом Каримовнинг 26 йиллик бошқарувидан кейин сиёсий ҳукуматнинг топширилиши мамлакат Конституциясига мувофиқ, тинчлик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилди.

Лавозимга киришган кундан бошлаб саккиз ой ичида Президент Мирзиёев коллегиал бошқарув услубини қўллади. Президент энг аввало яқин қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун аниқ қарорлар қабул қилди.

Президент Мирзиёев ўзбек жамияти, айниқса ёшлари орасида радикаллашувнинг тарқалиши мониторинги ва бунинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йилнинг 15 июнида Тошкентда ўтган анжуманда янграган «Ватан келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъий ҳаракат қилиш - замон талаби» маърузасида Президент бу муҳим масалада давлат сиёсатини амалга оширишда «Йўл харитаси»ни  белгилаб берди.

Ўзбекистонда 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани диққатга сазовордир. Президент Мирзиёев ўз чиқишида ўзбек халқининг бағрикенглиги ва саховатли эканини қайд этган ҳолда, Ўзбекистонинг Конституция ҳамда қонунлари миллати ва динидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва эркинлик билан таъминлашини таъкидлади.

Президент Мирзиёев мустақиллик қўлга киритилгандан сўнг Ўзбекистондаги масжидлар сони 80 тадан (совет даврида) 2042 тага (бугунги кунда) ошганини таъкидлаб, мамлакатда қабул қилинган виждон эркинлиги кафолатини таъминлашга доир чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Давлат раҳбари Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ ва Араб мамлакатлари саммитидаги иштирокини ёдга олиб, экстремизмни таг-туби билан йўқ қилиш тарафдорлари бўлган халқларнинг бирлашиши зарурлигини айтди. Президент халқаро терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва диний масалалардаги зиддиятларнинг кучайишидан бутун инсоният хавотирда эканини таъкидлади ва "турли мамлакатлардаги террорчилик ҳужумларини амалга оширганлар орасида миллатимиз вакилларининг борлиги халқимизда таассуф уйғотишини" билдирди.