Тест имтиҳонларида турли қинғир ва жинояткорона йўллар билан болалар ўқишга қабул қилинаётгани, бу ҳолатларга олий ўқув юрти мутасаддилари ва ҳаттоки раҳбарлари бош-қош бўлаётган «ректор гуруҳи», шунингдек, «зайчиклар», «паровоз» ва каби иллатлар ҳақида олдин ҳам ёзган эдик.
Тест имтиҳонлари олдидан бир қатор олий ўқув юртлари раҳбарлари томонидан ТВда чиқишлар қилиниб, жорий йилдаги тест синовлари ҳалол ва шаффоф ўтишини таъкидлашган эди. Бу борада Тошкент давлат юридик университетда амалий қадам ташланиб, синовларнинг ЎзЭкспоМарказда ташкил этилгани, тест синовларига абитуриентлар қаттиқ текшириб киритилганидан барча воқиф этиб турилди.
Лекин кейинги кунларда маълум бўляптики, пойтахтимиздаги энг нуфузли иқтисодий-молиявий таълим соҳасидаги ўқув юртлари — Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтининг айрим факультетларида қабул якунларини ҳалол ўтган, дейишга тўлиқ асос йўқ.
Хусусан, кимлардир тарафидан ташкил этилган махсус гуруҳларга ёрдам кўрсатилгани, ёки ўша гуруҳларгагина иқтидорли болалар тўпланиб қолгани ва кимдир ана шундай гуруҳларни аввалдан нопок ва нохолис ниятларда ташкил этгани шубҳа қилинмоқда.
Кейинги кунларда кўп такрорланаётган «Ректор гуруҳи» деб айтилаётган гуруҳ нима ўзи? Келинг, вазиятдан бохабар бўлиш учун номини ошкор этмаган экспертнинг бу борадаги фикрлари билан танишсак:
«Бу жуда эски схема. «Молия» ва «Нархоз»да азалдан ишлайди фақат.
1. Бунда ёпиқ гуруҳлар ташкил қилинади. Унга ҳамма ҳам ҳужжат топшира олмайди. Бу йўналишга ҳужжат олиниши ҳақидаги эълон қабул комиссияси олдидаги реклама баннерларидан ҳам олиб ташланади. Бу йўналишга топширмоқчи бўлсангиз, «бунақа йўналиш йўқ, фалонга топшир» дейишади. Мабодо, ҳуқуқингизни талаб қилсангиз ва «борку йўналиш» деб талашсангиз, «майли», деб ариза олишади, лекин сизни «техник хатолик» билан барибир бошқа йўналишга тиқиб қўйишади.
2. Давлат тест маркази расмий сайтида абитуриентлар сони онлайн равишда кўрсатилишни бошлагандан кейин, шубҳа қолдирмаслик учун, бундай йўналишга атайин сохта абитуриентлар олиб келиб ҳужжатлари топширтирилади. Турли жойлардан, кириши лозим бўлган абитуриентнинг таниш-билишларидан роса одам йиғиб келишади. Тест синовлари вақтида улар шунчаки фон бўлиб туриб беришади.
3. Фондагилар имтиҳон куни таваккал ечади ёки ҳар эҳтимолга қарши ҳеч нарсага тегмаслик буюрилади. Энг кенг тарқалган усул — фақат битта ҳарфни белгилаб чиқиш. Шунда аниқ йиғилган кўп балл бўлиб кетмайди, максимум 70–80 балл атрофида бўлади. Ана шунинг учун қабул квотасидан кейинги балларда дарҳол жуда катта фарқ кўзга ташланади.











