Ўзбекистон бундан йигирма олти йил олдин ўз тақдирини ўзи мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Мустақил тараққиёт йўлига чиқди.
Йигирма олти йил аслида асрларни қаритган тарих учун лаҳзага тенг. Бироқ ана шу йиллар халқимиз учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлганини бугун ҳар биримиз юракдан теран ҳис қиламиз. Шу давр мобайнида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаёти маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва онгу дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори ва нуфузини тобора юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирган.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари мингдан зиёд респондентлар ўртасида ўтказган галдаги сўров фуқароларнинг мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларга муносабати ҳамда айни чоғдаги кайфияти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Юрт равнақига дахлдорлик туйғуси
Мустақиллик куни — халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми. Сўров натижалари фуқароларимизнинг 94 фоизи ушбу байрамни кўтаринки кайфиятда, фахр ва ифтихор туйғуси билан кутиб олаётганини тасдиқлади.
Турли ёшдаги, турли миллатга мансуб барча ўзбекистонликлар учун, ҳеч бир истисносиз, истиқлол — энг олий қадрият ва улар ўз тақдирини, келажагини Ватандан айро тасаввур қилолмайди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик, шунингдек, масъулият туйғуси сезиларли равишда ўсди. Буни респондентларнинг 80,4 фоизи қайд этди.
Айтиш жоизки, мутлақ кўпчиликнинг фикрича, масъулият туйғуси ҳар бир ишга виждонан ёндашиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиш, она-Ватанга ҳамиша хизмат қилишга тайёр бўлиш ҳамда қонунларга бўлган ҳурматида ўзининг амалий ифодасини топади.
Ўтказилган тадқиқот юртдошларимиз, хусусан, ёшларда ватанпарварлик туйғуси юксак эканини ҳам кўрсатди. Қатнашчиларнинг 86,8 фоизи ўтган йигирма олти йил мобайнида фуқароларда ватанпарварлик даражаси ўсди, деб ҳисоблайди.
Барча ютуқларимиз омили
Сўровда иштирок этганларнинг мутлақ катта қисми — 97,3 фоизи мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ижтимоий-сиёсий, миллатлараро, динлараро ва ҳарбий ихтилоф ҳамда зиддиятларнинг йўқлиги, халқимизнинг осуда ҳаёти мустақиллигимизнинг бош ютуғи ҳисобланишини таъкидлади. Миллатлараро тотувлик ҳукм сураётгани, тиллар, маданиятлар ва анъаналар ривожи Ўзбекистоннинг ўзига хослигидир.















