Жаҳон | 11:49 / 01.09.2017
17180
2 дақиқада ўқилади

Жорж Сорос террорчи сифатида тан олиниши мумкин

Фото: Getty Images

АҚШда 70 мингдан ортиқ инсон мамлакат президенти Дональд Трампга миллиардер Жорж Соросни террорчи сифатида тан олиш сўралган петицияни имзолади. Мурожаат матни Оқ уй сайтининг тегишли бўлимида жойлаштирилган.

Таклиф муаллифларининг билдиришича, Сорос «доимий равишда вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилган ва Қўшма Штатлар ҳамда унинг фуқаролари манфаатларига зид иш олиб борган».

Петицияда айтилишича, миллиардер ўнлаб алоҳида ташкилотларга асос солди ва уларни молиялаштирди. Мақсад эса ягона бўлган – конституциявий ҳукумат таназзулга юз тутишига туртки бериш.

Шунингдек, ўз имзосини қўйганлар Соросни бутун Демократик партия ва АҚШ федерал ҳукуматининг катта қисмига носоғлом ва асоссиз таъсир кўрсатишни кучайтириб боришда айблашмоқда.

«Адлия вазирлиги Жорж Сорос ва унинг барча ташкилотлари ҳамда уларнинг аъзоларини уй террорчилари, деб эълон қилиши лозим, унинг шахсий мулки ва активлари мусодара этилиши керак», - дейилади петицияда.

АҚШ президенти маъмурияти петицияни кўриб чиқиши учун 2017 йилнинг 19 сентябрига қадар 100 минг имзони йиғиш лозим. Петиция E.B. тахаллуси остидаги фойдаланувчи томонидан 20 август куни ташкил этилди.

Сорос Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг, Америка етакчиси инаугурациядан кейин диктаторга айланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Миллиардернинг ўзи сайловолди кампанияси доирасида Трампнинг рақиби – собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлади.

Жорий йилнинг февраль ойида Обама ва Сорос Украинадаги тўнтаришни ташкиллаштиришда айбланганди.

Мавзуга оид