Юртимизда ёшларнинг чет тилларини мукаммал ўрганиши учун етарли шарт-шароитлар яратилмоқда, ёш авлод вакилларига чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ёш кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилаётир. Бунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги "Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 610-сонли қарори мисол бўла олади.
Маълумки, мамлакатимизда чет тилларини ўқитиш мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Чет тилларини ўрганиш ва ўқитишга эътибор, айниқса, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилингандан кейин янада кучайди. Мазкур қарорда чет тилларини ўқитишдаги ютуқлар билан бирга, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиатехнологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлиқ жавоб бермаётгани, таълим асосан замонавий усулларда олиб борилаётгани, таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлашга оид камчиликлар ҳам кўрсатилган.
Республикамизда чет тилларини ўқиш, ўрганиш ва баҳолаш тизимининг 2012 йилдан бошланган мана шундай беш йиллик натижаси ўлароқ, юқорида таъкидлаганимиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор республикамизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом этилаётганидан, чет тилларини мукаммал биладиган ўқувчилар, талабалар ва педагогларга имтиёзлар, малака сертификатлари бериш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсади кўзда тутилганидан далолат беради.
Қарорга кўра, бундан кейин узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида ёш авлодни чет тилларига ўқитиш сифатини таъминлаш, чет тилларида эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги ўқув дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилади. Бу каби чора-тадбирларни амалга ошириш учун узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларини ўзлаштириш даражасини давлат таълим стандартларида белгиланган "Тинглаб тушуниш" (Listening), "Ўқиш" (Reading), "Ёзиш" (Writing), "Гапириш" (Speaking) кўникмалари асосида баҳолаб бориш механизми ишлаб чиқилади.
Амалиётга татбиқ этилажак қарорнинг яна бир муҳим томони шундаки, унга кўра, чет тилларини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги малака сертификатига эга бўлган ўқувчи, талаба ва педагоглар чет элдаги етакчи таълим муассасаларида тил ўрганиш амалиётларида иштирок этиш бахтига мушарраф бўлади. Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорлар сертификатни қўлга киритган вақтдан эътиборан 3 йилгача қуйидаги имтиёзларга эга бўлади, яъни умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари, абитуриентлар ва бакалаврларга таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш учун тест синовлари рўйхатига чет тили (инглиз, немис, француз) фани киритилган таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан максимал балл берилади ва чет тили фанидан тест синовидан озод этилади. Шунингдек, В2 ва ундан ортиқ даражадаги малака сертификатига эга бўлган таълим муассасалари педагоглари аттестация жараёнларида максимал балл билан баҳоланади ва синовлардан озод этилади. Сертификат олиш истагини билдирган талабгорлар учун талаб ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда тизимли равишда тест синовлари ўтказилади.















